Бугун 18 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистон хорижий инвесторларни дивиденд солиғидан озод қилади

Ўзбекистон хорижий инвесторларни дивиденд солиғидан озод қилади

Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун янги солиқ имтиёзлари жорий этилади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ІІІ Тошкент инвестиция форумида маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.

Ўзбекистон инвесторларнинг дивиденд даромадидан олинадиган 10 фоизлик солиқни олиб ташлайди. Хусусан, ушбу давлат иқтисодиётига сармоя киритиш ниятида бўлган хорижликлар 3 йил муддатга тегишли мажбуриятдан озод қилинади.

“Биз тадбиркорлик ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқдик. Хорижий инвесторлар энди 3 йил муддатга акциялардан олинган дивидендлар бўйича солиқ тўлашдан озод қилинади”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари, шунингдек, хорижий инвесторлар учун ер ижараси муддатини 49 йилга узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганини таъкидлади. Бунгача ижара муддати 25 йилдан ошмаган.

“Мамлакат Президенти томонидан тилга олинган ташаббуслар жуда муҳим. Чунки дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун рақобат кучайган. Бу борада Ўзбекистоннинг ўзига хос афзалликлари бор. Бу меҳнатга лаёқатли ёшларнинг кўплиги. Бу бизнесни рағбатлантириш қўшимча солиқ имтиёзлари билан биргаликда инвесторлар учун яхши имконият бўларди”, – деди Ўзбекистондаги лойиҳа ҳамкори Эндрю Хайес.

Бундан ташқари, рейтинги юқори бўлган тадбиркорлик тузилмаларида солиқ текширувлари ўтказилмайди. Бундай ўзгариш маҳаллий бизнесга катта ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда Қозоғистон сармояси иштирокида фаолият юритаётган 1100 дан ортиқ қўшма корхона мавжуд.

“Давлат раҳбарлари томонидан юкланган вазифага мувофиқ, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз. Тўғридан-тўғри сармоя ҳақида гапирадиган бўлсак, яқин 10 йилда Ўзбекистондан Қозоғистон бозорига 33 миллион доллар йўналтирилади. Ва тескари йўналишда кўрсаткич кўпроқ. Бу даврда Қозоғистон Ўзбекистонга 401 миллион доллар сармоя киритди. Бу бизда ҳали тўлиқ шаклланмаган салоҳият мавжудлигини кўрсатади”, – деди сармоявий форумда иштирок этган Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Назира Нурбаева.

Форум давомида Қозоғистоннинг сармоявий муҳити ҳам муҳокама қилинди. Мамлакат иқтисодиётга тўғридан-тўғри сармоя киритиш бўйича кўплаб давлатлардан олдинда. Масалан, Ўзбекистоннинг металлургия прокати ишлаб чиқарувчи йирик корхонаси Қозоғистонда қиймати 70 миллион долларлик янги лойиҳани амалга ошириш ниятида.

“Ҳозир Қозоғистон элчихонаси ва Саноат вазирлиги билан ушбу лойиҳа бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Лойиҳа қийматини 70 миллион доллар қилиб белгиладик. Аммо у янада ошиши мумкин. Аввало, қайси ҳудудда ишлаб чиқариш қуришимизни аниқлашимиз керак. Сўнгра маҳсулотлар маҳаллий ва қўшни давлат бозорларига, Европага экспорт қилинади”, – деди Ўзбекистон металлургия компанияси лойиҳа раҳбари Гўзал Тожимирзаева.

Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сармоявий ҳамкорлик кейинги йилларда жадал ривожланмоқда. Умумий қиймати 2,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган 60 та ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди. Улар орасида анъанавий қишлоқ хўжалиги ва хомашё ишлаб чиқаришдан ташқари, янги саноат тармоқлари ҳам мавжуд. Масалан, ўзбек бизнеси Қозоғистонда енгил саноат билан шуғулланиб, маиший техника ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлса, қозоғистонлик ишбилармонлар қўшни давлатда замонавий турар-жой мажмуалари қуриш, дилерлик шохобчаларини очишга эътибор қаратмоқда.

Киритилди: 17:23 03.05.2024. Ўқилди: 811 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!