Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 февраль куни Хитойга гуманитар ёрдам жўнатиш бўйича фармонга имзо чекди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Фото: «Дарё»
Таъкидланишича, Ўзбекистон Хитой ҳукуматининг янги турдаги коронавирус эпидемиясига қарши амалий ҳаракатларини юқори баҳолайди. Гуманитар ёрдам зарурий тиббий воситаларни ўз ичига олган: стерилланган бир марталик қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, тиббиёт ниқоблари ва ҳоказо.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги гуманитар юкни Хитойга махсус самолётда етказиш бўйича жавобгар ҳисобланади.
Шунингдек, республикада гуманитар ёрдамнинг иккинчи партиясини тайёрлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу сабабли мамлакатдаги текстиль корхоналари Хитойга юборилиши режалаштирилаётган тиббиёт ниқоблари ва ҳимоя костюмларини тайёрламоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда COVID-19 коронавируси оқибатида вафот этганлар сони 1113 кишига етган, бутун мамлакат бўйлаб вирусни юқтириб олганлар сони 44 653 кишини ташкил этмоқда.