Бугун 30 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Ўзбекистон туризм салоҳиятининг халқаро тарғиботи Буюк Британияда янада жадаллаштирилади

Ўзбекистон туризм салоҳиятининг халқаро тарғиботи Буюк Британияда янада жадаллаштирилади

Мамлакатимизнинг Буюк Британиядаги дипломатик ваколатхонаси раҳбари Равшан Усманов Ўзбекистон туризм бренди элчиси Софи Ибботсон билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Буюк Британия туркомпаниялари ва ОАВ иштирокида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тадбирларни ташкил этиш, 2024 йилда Британиянинг сайёҳлик соҳасини ёритишга ихтисослашган оммавий ахборот воситаларида юртимиз сайёҳлик салоҳиятига бағишланган мақолаларни эълон қилишни давом эттириш ҳамда шу йилнинг 8-9 июнь кунлари Ўзбекистон маданияти ва миллий таомлари фестивалини ўтказиш каби масалалар муҳокама қилинди.

Софи Ибботсон Британия оммавий ахборот воситаларининг мамлакатимиз туризм салоҳиятини кенг оммага таништиришдаги муҳим ўрнидан келиб чиқиб, жорий йилда ташкил этиладиган пресс-турларни Ўзбекистон туризм қўмитаси билан ҳамкорликда жадаллаштириш лозимлигини таъкидлади.

Музокаралар натижасида, 2024 йилда британиялик таниқли шахслар, жумладан, "Travel Photographer of the Year" журнали асосчиси Крис Коу, Британия империяси ордени соҳибаси Жаонна Ламлинининг мамлакатимизга сафарини ташкил этиш ва сентябрь ойида Британия музейида Ўзбекистон экспонатлари намойиш этиладиган "Ипак йўли" кўргазмасини кенг тарғиб қилиш бўйича келишувга эришилди.

Софи Ибботсон 2019 йил апрель ойида Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги туризм бренди элчиси сифатида тайинланган. У билан ҳамкорликда "The Telegraph", "Financial Times", "Times", "Wanderlust", "The Guardian" каби етакчи нашрларда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган туркум мақолалар чоп этилган.

Киритилди: 15:01 17.04.2024. Ўқилди: 487 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!