Махачқалъанинг «Динамо» клуби бош директори Шамил Газизов Остон Ўрунов билан шартнома имзоланиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга муносабат билдирди.
— Биз Остон билан мунтазам алоқада бўлиб турамиз, аммо Махачқалъанинг «Динамо» клубига ўтиш мавзусида эмас. Биз ҳеч қандай таклиф билан чиқмадик, — дея Газизовнинг сўзларини келтиради «СЭ».
Шу билан бирга, клуб раҳбари назарий жиҳатдан бундай трансфер ёзги мавсумлараро танаффусда амалга ошиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.
Аввалроқ матбуотда 25 ёшли футболчи «Персеполис»ни тарк этмоқчи эканлиги ва бу ҳақда Эрон клуби раҳбариятини хабардор қилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Эслатиб ўтамиз, футболчи илгари Россияда «Уфа» ва «Спартак» шарафини ҳимоя қилган.