Ўзбекистон ИИВ Академияси бошлиғи, полковник Рустам Ҳотамов бошчилигидаги делегация Халқаро полиция академиялари ассоциацияси (INTERPA) Ижроия кенгаши ва Бош ассамблея йиғилишларида иштирок этиш учун Ҳиндистоннинг Гужарат штатида бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё".
Халқаро тадбирларда INTERPA доирасидаги истиқболли ҳамкорлик стратегияси ва қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Филиппин миллий полиция академияси ассоциацияга аъзо сифатида қабул қилинди. Ташкилотнинг 2024 ва 2025 йиллардаги йиллик тадбирларини Қатар, Саудия Арабистони ва Туркияда ўтказишга келишиб олинди.
Ўзбекистон вакиллари, шунингдек, "Технологик ҳалокатлар ва табиий офатлар даврида полиция фаолияти" мавзусидаги халқаро конференцияда ҳам қатнашди.
Тадбирлар давомида Ўзбекистонда сўнгги йилларда ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, хусусан, ИИВ тизими ва Академиясида амалга оширилаётган ислоҳотлар, таълим жараёнига жорий этилаётган илғор халқаро тажриба ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди, видеороликлар намойиш қилинди.
Ўзбекистон ИИВ Академияси делегацияси аъзоларининг Ҳиндистон Криминалистика фанлари миллий университети вице-канцлери Жанткумар Вяс билан учрашуви чоғида икки олий билим юртлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, 2024-2025 ўқув йилига мўлжалланган ҳамкорлик режасини ишлаб чиқиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз ва Ҳиндистоннинг Раштрия Ракша университети вакиллари ўртасидаги мулоқот чоғида ҳам ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Мазкур университет фаолияти ва таълим жараёни билан яқиндан танишилди.
Томонлар таълим соҳасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини фаоллаштириш, таълим жараёнига инновацион ечимларни кенг жалб қилиш, ўзаро манфаатли йўналишларда алоқаларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, Ўзбекистон ИИВ Академияси ва Раштрия Ракша университети ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Амалий ташриф чоғида, шунингдек, Ўзбекистон ИИВ Академияси ва Туркия Миллий полиция академияси вакиллари томонидан бундан аввал имзоланган Ўзаро ҳамкорлик меморандуми ижросини таъминлашга қаратилган 2024-2025 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар бўйича "йўл харитаси" имзоланди.