Бугун 27 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Усмоновга қарши санкциялар бекор қилингани хатоми?

Усмоновга қарши санкциялар бекор қилингани хатоми?

Милов ва Яшин Франция парламентида Усмоновга қарши санкциялар бекор қилинганини хато деб атади.

Россиялик сиёсий эмигрантлар Илья Яшин ва Владимир Милов Франция парламентида чиқиш қилиб, Европа Иттифоқининг миллиардерлар Михаил Фридман ва Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилиш қарорини танқид қилди.

Улар, айниқса, Алишер Усмоновнинг санкциялар рўйхатидан чиқарилганини нотўғри қарор деб баҳолади. Усмонов ва Фридманга 2022 йилда жорий этилган санкциялар 22 сентябрь куни бекор қилинган эди. Бу қарор қабул қилинишида Франция муҳим роль ўйнагани ҳақида хабарлар тарқалган.

Шу билан бир вақтда Озарбайжон жосусликда айбланиб, судланган француз тадбиркори Мартен Райанни афв этиб, озод қилди. Айрим кузатувчилар ушбу икки воқеани геосиёсий келишув сифатида талқин қилди. AFP агентлигига кўра, Райаннинг Париж учун аҳамияти юқори бўлганини уни озод қилиш жараёнида Франция ташқи разведка хизмати DGSE раҳбари Николя Лернернинг Бокуға боргани ҳам кўрсатиши мумкин.

AFP маълумотига кўра, Милов ва Яшин асосан Усмоновга нисбатан санкцияларнинг бекор қилиниши хато бўлганини таъкидлаган.

«Айрим ҳолларда қийин қарорлар қабул қилишга тўғри келади. Аммо бундай вазиятларда ҳеч бўлмаганда бунинг нархини ошириш керак. Энг катта афсуслантирадиган жиҳат — Усмоновнинг санкциялар рўйхатидан чиқарилиши Россиядаги бирорта ҳам сиёсий маҳбуснинг озод қилинишига олиб келмади», — деди Яшин.

Милов эса Усмонов санкциялар рўйхатидан ташқарида қолса, Франция миллий хавфсизлигига катта зарар етказиши мумкинлигини билдирди.

«Францияда ҳамма ҳам бу ҳолатни англаб етганига ишонмайман», — деди у.

AFP маълумотига кўра, Милов ва Яшин Франция парламентида француз қонун чиқарувчилари ҳамда хориждаги Россия мухолифати вакиллари ўртасида алоқаларни йўлга қўйишга қаратилган тадбирда иштирок этиш учун таклиф қилинган.

Киритилди: 08:57 08.10.2026. Ўқилди: 1144 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар