Ўрта ер денгизида рўй берган ҳалокатдан сўнг 20 киши топилмаяпти, тирик қолганлар Италиянинг Лампедуза оролига олиб кетилган. Бу маълумотни БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг ушбу давлатдаги вакили Кяра Кардолетти тасдиқлади.
– Омон қолганлар маълумотига кўра, кема 1 сентябрь куни ағдарилган, – деб ёзган Кардолетти ижтимоий тармоқда. – 20 кишининг тақдири номаълум, етти нафар омон қолган муҳожирнинг аҳволи оғир.
“Sole 24 Ore” газетаси ёзишича, Италия қирғоқ қўриқлаш хизмати етти нафар Сурия фуқаросини қутқарган. Улар Ливиядан жўнагани, кема саҳнида 28 киши бўлгани, йўлга чиққандан бир кун ўтиб, қайиқ ҳалокатга учраганини айтган.