Жанубий Корея ташқи ишлар вазири Чо Хён Украинадан Шимолий Кореялик ҳарбий асирлар масаласи бўйича келган узр сўрашни Сеул кутган даражада эмас, деб баҳолади.
Унинг айтишича, Украина ташқи ишлар вазири томонидан юборилган хабарда узр сўралган, аммо унинг мазмуни Сеул кутган даражага жавоб бермаган. Шу сабабли Жанубий Корея ҳукумати «қатъий чоралар» кўриш имкониятларини кўриб чиқмоқда. Вариантлардан бири сифатида Жанубий Кореянинг Украинадаги элчисини чақириб олиш ҳам муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ Жанубий Корея президенти Ли Жэ Мён Украина икки нафар Шимолий Корея ҳарбий асирининг Жанубий Кореяга топширилгани ҳақидаги маълумотни ошкор қилганидан афсусда эканини билдирган. Сеул бу ҳолат махфийлик тўғрисидаги келишув бузилганини таъкидлаган.
Украина президенти Владимир Зеленский эса БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи чоғида Украина яқинда Шимолий Кореядан бўлган икки нафар ҳарбий асирни Жанубий Кореяга юборганини маълум қилган эди.
Жанубий Корея томонининг билдиришича, томонлар асирларни топшириш масаласини аввал бир неча бор муҳокама қилган ва операция махфий сақланишига келишган. Украина эса асирларни Жанубий Кореяга топширгани ҳақидаги маълумотни сир сақлаш бўйича мажбурият олмаганини билдирди.