Туркиянинг "Истанбулспор" клуби ўз тарбияланувчиси, ёш ҳимоячи Баран Вардарнинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Иқтидорли футболчи узоқ давом этган саратон хасталиги билан курашда ҳаётдан кўз юмди.
Баран Вардар "Истанбулспор" академияси маҳсули бўлиб, 2024 йилнинг баҳорида асосий жамоа сафида дебют қилишга улгурган эди. У ҳатто Туркия гранди — "Фенербахче"га қарши баҳсда ҳам майдонга тушган. Бироқ дебютдан кўп ўтмай, унда оғир хасталик аниқланган ва футболчи яшаш учун курашни бошлаб, фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган эди. Афсуски, 20 ёшли Баран бу курашда мағлуб бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда "Истанбулспор" Туркия иккинчи дивизионида иштирок этмоқда ва турнир жадвалининг 14-поғонасини эгаллаб турибди.