Бугун 18 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

“Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда” - Жавдат Йилмаз

“Туркия ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда” - Жавдат Йилмаз

Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз 2024 йил 2-3 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «ИИИ Тошкент Халқаро Инвестиция Форуми»да иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди.

1 май куни Жавдат Йилмаз «Турк иш дунёси учрашуви» дастури доирасида ишбилармон вакиллар билан учрашди. Учрашув аввалида маҳаллий журналистларга интервью берган қардош давлат вице-президенти икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётганлигини таъкидлади.

«Пандемия даврида бутун дунё қийинчиликка дуч келди. Аммо Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ҳар томонлама, хоҳ сиёсат бўлсин, хоҳ туризм, изчил давом этди. Икки давлат ўртасида азалий яқин тарих, ўхшаш қадриятлар мавжуд», - деди Жавдат Йилмаз.

Туркия вице-президенти бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев билан ҳам учрашди. Журналистлар билан суҳбатда у Ўзбекистон президенти олиб бораётган одил сиёсатни алоҳида эътироф этди.

«Бугун дунёда ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган адолатли раҳбарлар, афсуски, кўп эмас. Шундай вазиятда Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тоййиб Эрдоған ўртасидаги адолатли, самимий муносабатлар, изчил ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Ҳурматли президентингиз жуда халқпарвар инсон. Четдан келган ҳар қандай меҳмонга Ўзбекистонда катта ўзгаришлар юз бераётгани дарров сезилади. Шавкат Мирзиёев билан учрашувда икки томонлама муҳим масалаларни муҳокама қилдик, хусусан, иқлим ўзгаришига эътибор қаратдик», деди Йилмаз.

Шунингдек, Жавдат Йилмаз Ўзбекистон иқтисод ва молия вазири Жамшид Қўчқоров билан учрашув тафсилотларига тўхталди.

«Икки давлат ўртасида олди-сотди муносабатлари тобора ривожланмоқда. Учрашувда бу борадаги масалалар, хусусан, ўзаро юк ташишдаги муаммоларни бартараф этиш Бундан ҳам кўп олди-сотдиларни йўлга қўйишдан манфаатдормиз. Юк ташиш ва бошқа соҳадаги муаммоларни ҳал қилишга ҳам эътибор қаратяпмиз», деди Туркия вице-президенти.

Учрашувда икки давлат ўртасида яшил иқтисодиёт, бизнес ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари порлоқ эканлиги қайд этилди.

Давлатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари ва кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш жуда муҳим эканлигига эътибор қаратган Туркия вице-президенти товар айирбошлаш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ошиб, тўғридан-тўғри авиақатновлар кўпайганлиги қувончли ҳолат эканлигини таъкидлади. Шунингдек, у етакчи компаниялар иштирокида энергетика, кончилик, озиқ-овқат, тўқимачилик ва бошқа устувор тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилганлигини эътироф этди.

Киритилди: 22:31 01.05.2024. Ўқилди: 1044 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!