Бугун 4 апрель, 2026 йил, шанба

O'ZB

Туркистон шаҳри тинчлик музокараси учун майдон сифатида таклиф этилди

Туркистон шаҳри тинчлик музокараси учун майдон сифатида таклиф этилди

Саудия Арабистони подшоҳлиги Қозоғистон раҳбариятининг Туркистон шаҳрида тинчлик музокараларини ўтказиш ташаббусини долзарб деб ҳисоблайди.

Оқўрда матбуот хизмати хабар беришича, бу масала Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Саудия Арабистонининг Остонадаги элчиси Файсал ал-Қаҳтоний учрашувида тилга олинган.

Қ.Тўқаев Қозоғистон Саудия Арабистони билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлашга катта аҳамият беришини таъкидлаб, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд глобал миқёсда нуфузли етакчи эканини қайд этган.

Ўз навбатида, Саудия элчиси Файсал ал-Қаҳтоний Риёз Остона билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирган.

Бундан ташқари, дипломат Яқин Шарқдаги мураккаб вазият муносабати билан Қозоғистон президенти томонидан Саудия Арабистони раҳбариятига кўрсатилган ҳар томонлама дастак учун самимий миннатдорлик изҳор этган.

Қ.Тўқаев минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга кўмакда давом этишга тайёрлигини маълум қилган.

АҚШ ва Исроил томонидан Эронга қарши олиб борилаётган уруш фонида Кўрфаз араб давлатларининг барқарорлиги ҳам муҳим масалага айланди. Бу борада икки муқаддас масжид жойлашган, Ислом динининг бешиги саналган Саудия Арабистони хавфсизлиги ҳам алоҳида ўрин тутади.

Аввал хабар берганимиздек, бир неча кун аввал Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилган эди. Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган кескин вазият муҳокама қилинган сўзлашувда қарама-қаршиликларни бартараф этиш зарурлиги таъкидланганди.

Киритилди: 21:51 03.04.2026. Ўқилди: 327 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!