Бугун 5 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

«Тўполон қилганим учун ота-онам... вафот этди»

«Тўполон қилганим учун ота-онам... вафот этди»

Индамас Салима ҳикояси

Салима олти болали оиланинг тўртинчи фарзанди экан. Қабулимга келганида 8 ёшда эди. Салимани индамаслик ҳолатига итқитган воқеалар у беш ёшидалигида бошланганди.

Салима беш опа-акаси, ота-онаси билан ўз дунёсида рисоладагидек ҳаётда яшар экан, тўсатдан онаси хасталаниб қолади. Ўша кезларда Салима беш ёшларда эди. Ўзидан катта икки опаси, бир акаси ва ундан кичик икки укаси бор эди. Оиланинг кичик фарзандини дунёга келтириш жараёнида она соғлик борасида жиддий муаммоларга дуч келади. Узоқ муддат даволанади. Хасталик билан ҳар қанча курашмасин, аёлнинг соғлиги тикланмайди. Шифокорлар касалхона ҳолатидан уйига бориб, сўнгги кунларини уйида, хотиржам ўтказсин деб бемор аёлни уйига жўнатиб юборишади. Бир неча ой бувиси, амма-холалари ва бошқа қариндошлар уйга, болаларга қарашадм. Бир куни она ҳаётдан кўз юмади.

Ҳаммадан кўра кўпроқ керак бўлган пайтда Салиманинг ҳаётидан она чиқиб кетади. Орадан бир ярим йил ўтади. Ўз ҳолларида бир амаллаб яшашга кўникишади. Катта қизлар уй-рўзғор ишларига қарашиб, кичкина болаларга оналик қилар, Салима дадаси билан бирга дўконда ишлайди. Дўконлари уйнинг пастки қаватида жойлашган бўлиб, ота болаларидан хотиржам ишини бажарарди. Рўзғорбоши болаларини ҳеч кимга муҳтож қилмасдан амаллаб кунини ўтказар эди.

Бир куни опа-акалари укаларини олиб яқин қариндошлариникига боришади. Салима отасининг ёнидан айрилмайди. Қанча мажбурлашса ҳам, боргиси келмайди. Отаси ҳам қизининг қариндошининг кетмаганига индамай қўя қолади. Пешиндан кейин ота ва қиз дўконни йиғиштиришади. Салима отаси айтганидай қилиб ҳамма жойни тозалаб, супуради. Сўнг радиони ёқади. Ташқаридаги шовқиндан мусиқа овозини эшитолмагани учун, радионинг овозини баландлатади. Отаси боши оғриганини айтиб, мусиқа овозини пастлатишини сўрайди. Салима отасининг айтганларини эшитмаганга олади. Болалар баъзан шунақа қулоқсизлик қилишади-ку. Бироздан кейин отаси боши оғриётганини айтади. Ранг-рўйи сўлади. Салима тез-тез отасининг ёнига келади бош оғриғи қолдими деб. Отаси бош оғриғига чидолмай дори олиш учун уйга чиқади. Иссиқдан бўғилганини, бироз мазаси бўлмаётганини айтади. Салимага дўконга эҳтиёт бўлишини, бир пасда дори олиб ортига қайтишини айтади. Орадан кўп вақт ўтса-да, отасидан дарак бўлмайди. Кутади, ота келмайди. Уйга чиқиб отасини чақиради, жавоб бермайди. Ўтириладиган хонага кирса, отаси Салиманинг кўзи олдида юрак хуружига учрайди. Салима отасининг ўлим билан курашишига, ерга ағаниб тирмаланишига ва… жон беришига гувоҳ бўлади. Отаси сўнги нафасини бериб, ерда жонсиз ётар экан, уни уйғотишга уринади.

Отаси уйғонмайди. Деразадан пастга қараб бақиради:

—  Ёрдам беринг! Имдод! Дадамга бир нима бўлди. Ёрдам беринг!

Кўз очиб юмгунчалик фурсатда уйга маҳалладагилар келади. Жаноза ишлари ўтгач, бир ярим йил онаси вафот этган бу олти қоракўзнинг қисмати нима бўлиши ҳақида қариндошлар орасида баҳс бошланади. Бири етимхонага топширамиз дейди, бошқаси ўзимиз оламиз дейди. Хуллас, қариндошлар ўзаро келишиб, “Ҳар биримиз биттасини олайлик, шундай қилсак болалар юртидан айрилма йди. Ора-сирада бўлса-да, бир-бирларини кўришади” деган хулосага келишади. Салимани уни бошқа жиянларидан кўпроқ яхши кўрадиган аммаси ўзига олади. Икки йилдан бери Салима умуман гапирмайди.

Бу гаплардан қаттиқ мутаассир бўлдим. Бундан аввал улар мурожаат қилган психолог мутахассисларнинг номини эшитиб,  хавотирим яна ортди. Бир томондан, “Ҳаракат қилиб кўрай-чи, балки, қўлимдан бирор иш келар” дея умид қилардим. Бу қизча ҳақида эшитиб, келишини сабрсизлик билан кута бошладим. Аммаси бор гапни айтиб берди.

—  Янгамиз ва акам вафот этганидан кейин мен ҳам уни севинтиролмадим. Икки йилдан чеҳраси очилмайди. Ўзидан билиб ҳеч нарса қилмайди. Фақат гапирмаса, майлику, лекин худди жонсиз роботга ўхшайди. Масалан, дастурхонга ўтириб овқат еймиз “Салима, кел дастурхонга” десак келади. “Салима энди туришинг мумкин” демасак турмайди. Аввал эътибор бермадик, олдимизга олиб узоқ тушунтиришга уриндик.  Унга уйимизнинг қизи эканини, уйда ким яшаса, унга ўхшаб ҳамма нарсада ҳақи борлигини тушунтирдик. Ҳеч қайсининг фойдаси бўлмайди. Вақти келиб ғазабланиб, қайсарлигини синдириш учун бир нималар қилдик. Дастурхон тайёр бўлганида кел, демадик. Оч қолган кунлари бўлди. Ёхуд “турсанг бўлади” демадик, бир неча соат столда қолиб кетди.  Бу гапларни айтиш учун виждон бўлмаслиги керак инсонда…

У билан ўтказган илк муолажам ҳамон ёдимда. Хатти-ҳаракатлари худди мени эшитмаётгандек, лекин бутун диққат-эътиборини менга қаратганини ҳис қилдим.

– Мен сени жуда ҳам яхши кўриб қолдим…

–  …

–  Ростан жиддий гапиряпман, яхши кўриб қолдим сени.

– …

–  Бунча яхши, ҳечам гапирмайсан. Бошқа болалардай вижир-вижир қилиб бошимни қотирмайсан.

Кўзларимга қараб, табассумини яширишга урингандек лабларини тишлаб, бошини тебратди.

–  Биласанми, баъзан болаларнинг ҳаётида ҳамма нарса яхши кечмайди. Менинг ишим эса, уларни ҳаммаси яхши бўлишига ишонтириш. Мени эшитаётганингни биламан, ҳатто мен билан гаплашаётганингни ҳам ҳис қиламан.  Болалар мендан ёрдам  исташади, мен ҳам уларга ёрдам бераман. Ҳар доим шундай бўлган.

– …

–  Лекин ҳозир ҳаммаси бошқача бўляпти. Мен сендан ёрдам истайман. Агар менга ёрдам берсанг, изн берсанг, сени гапиришингга тўсиқ бўлаётган нарсани топаман. Чиндан айтяпман… Ишон менга, изн берасанми?

Бошини тебратди! Ҳа, ҳа, бошини тебратди!

– Қўлимда ҳар хил суратлар бор, бу расмларни болаларга кўрсатаман, улар менга суратлар билан боғлиқ ҳикоялар гапириб беришади. Улар менга ҳикоялар айтиб беришса, мен ҳам уларнинг хурсанд қилишга ҳаракат қиламан. Яна ҳамма сир ҳикояда. Биламан, сен гапирмайсан. Лекин менга ҳикоянгни айтиб берсанг, гапирганингни ҳеч кимга айтиб бермайман. Бу иккимизнинг ўртамизда сир бўлаб қолади, хўпми?

Бир муддат ўйлаб ўтирди. Бошини ўнгга-чапга ўйнатди. Ҳа билан йўқ орасида эди. Бирдан тасдиқ маъносида бошини тебратди. Рўпарамда эди. Мен унга суратлар кўрсатардим, у менга ҳикоялар айтарди. Ишимиз тугагач унга миннатдорчилик билдирдим. Сўзлаб берганларини таҳлил этишнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Шунчалик содда, шунчалик пок тилда ўз ҳикоясини гапириб берганди.

Салиманинг ўйлари остин-устун эди. Мана, Салиманинг таҳлилга эҳтиёжи йўқ, аммаси эшитганида кўз ёшлари селоб оққан, мушоҳада қилганимда мени ўкириб-ўкириб йиғлатган ҳикояси:

“Бир бор экан, бир йўқ экан. Бир пайтлари бир мамлакат бўлган экан. Бу мамлакатда ота-онаси билан яшайдиган, жуда ҳам бахтиёр болалар бўлган экан. Болалар “меҳмон-меҳмон” ўйнашар экан, ота-оналари уларни ҳеч қачон уришмас, жеркимас экан.  Болаларнинг онаси бир куни касал бўлиб қолибди. Болалар жуда қаттиқ хафа бўлибди. Лекин болаларнинг қайғусини ҳеч ким билмас экан. Онани ҳар доим касалхонага олиб боришар экан.  Дорилар беришибди, жуда аччиқ дорилар экан. Онаси болаларини ёлғиз қолдирмаслик учун дориларини ичибди. Болаларга онасини соғайишини айтишибди докторлар.  Бир куни онани уйга олиб келишибди. Болалар онаси келганига жуда хурсанд бўлишибди. Онаси фақат ётоқда ётармиш. Энди болаларига овқат қилолмас экан. Болалар ўксинибди. Онасининг ёнида ўйнаб ўтирибди. Нега онасининг ёнида ўйнашар экан, биласизми? Онаси бироз хурсанд бўлиши учун. Лекин бувисининг жаҳли чиқар экан бунга. “Шовқин қилмаларинг! Ўзи онангиз сизлар туфайли касал бўлди!” деб болаларга жаҳл қилар экан. Болалар билишибдики, улар бебош бўлгани учун онаси касал бўлибди. Болалар онаси соғайиши учун уни қувонтиришга ҳаракат қилишаркан, лекин буни ҳеч ким тушунмас экан. Ҳамма болаларини силталаб уришгани сари, онаси ҳам ўксинар экан.

Бир куни она вафот этибди. Ҳамма йиғлабди. Болалар онаси нега ўлганини билишибди, улар ярамас бола бўлгани учун онаси ўлиб қолибди. Болалар уйда дадаси билан яшай бошлашибди. Бир куни бувиси келиб овқат пишираётган экан, болалар тўполон қилишибди. Бувининг жаҳли чиқибди: “Қизим сизлар туфайли ўлиб кетди! Онангизга қулоқ солмадингиз, касал қилдингиз қизимни. Сизнинг дастингиздан ўлиб кетди, шўрлик! Менга қулоқ солмасдан тўполон қилинг, мени ҳам ўлдиринглару, эгасиз сарсон қолинглар! Кўрамиз, ким сенларга қарайди кейин!” дебди.

Бир куни Салима дадаси билан дўконда ўтирган экан. Опа-акалари, укаларини олиб амакисиникига меҳмонга боришибди. Салима отасининг ёнида ўтирадиган бўлибди. Ҳеч тўполон қилмасдан, дадасига ёрдам берар экан. Онаси болалари уйда бўлмаганида касал бўлиб қолгани учун, дадасини ҳеч ёлғиз қолдиришмас экан. Дадаси болаларини ҳеч уришмас экан. Ҳатто тўполон қилишса ҳам. Салима дўконда дадасига ёрдам берибди. Ҳамма ёқни супуриб, тозалабди. Қўллари бироз оғрибди. Радиони қўйибди. Дадасининг боши оғрибди. “Қизим, шуни ўчир қол” дебди. Салима эшитибдию, эшитмагандай ўтирибди. Радиодан у севган мусиқа янграётган экан. Бироздан кейин дадаси уйга кетибди. Дори ичиб қайтиши керак экан. Лекин қайтмабди. Салиманинг хаёлига бувиси айтган гаплар келибди. Онаси болаларининг бебошлиги туфайли ўлиб кетгандику!  Салима қаттиқ қўрқиб уйга чиқибди. Дадасини қидирибди. Хонага кириб қараса, дадаси бир нималар қилаётганмиш. Салима қўрқиб кетибди. Дадаси Салимага “кет” дегандек имо-ишора қилибди. Салима кетмабди. Дадаси ерда ухлаб қолган экан, уйғотмоқчи бўлибди. Уйғонмагач йиғлаб қўшниларни чақира бошлабди.  Кейин уйга одам тўлибди. Салима ҳеч кимга айтолмабди, лекин ичида қаттиқ ранжибди ўзидан. Дадаси “кет” деганда кетмагани учун ўзини айбдор ҳис қилибди. Дадасига қулоқ тутмай, эси йўқ қиз бўлибди. Агар кетганида, мусиқа овозини пасайтириб, дадасининг бошини оғритмасайди, дадаси вафот этмасди. Салима туфайли дадаси ўлиб кетибди. Қариндошлари болаларни тақсимлаб олишибди. Салима опаларидан айрилишни истамас экан. Айниқса, кичик укасини жуда қаттиқ яхши кўрар экан. Аммаси ёнига келиб: “Қизим, сен энди менинг қизимсан, биз билан яшайсан” дебди. Салима жуда ҳам хурсанд бўлибди.  Шундай хурсанд бўлибдики, аммасини жуда ҳам яхши кўрар экан, истаган пайтимда опа- укаларимни кўргани олиб боришади, деб ўйлабди. Аммасининг уйига келганида “Энди булар менинг ота-онам,- дебди ўзига ўзи.- Ота-онамни мен ўлдирдим. Бебошлик қилдим, қулоқсиз қиз бўлдим. Янги ота-онамни жуда ҳам яхши кўраман. Уларга бир нарса бўлса мен нима қиламан?!” деб эзилибди. Кейин хаёлига бир нарса келибди. Тунда ухлашдан олдин ётоғига ўтириб дуо қилар экан. “Аллоҳим! Мен жуда ҳам қулоқсиз, ярамас қизман. Ота-онам мен туфайли ўлди. Аммам билан поччам жуда ҳам яхши инсонлар. Ўтинаман, мен туфайли уларнинг жонини олма. Агар уларга бирор нима бўлса мен ким билан қоламан? Ўтинаман, Аллоҳим, менга ёрдам бергин. Ҳеч қачон гапирмаслигим учун менга ёрдам бергин. Мен гапирсам, ўйнаб, тўполон қилсам ойим билан дадам ўлиб қолишади. Доим жим ўтиришим учун менга ёрдам бергин, Аллоҳим! Нима дейишса, айтганларини қиламан. Улар айтмасдан ҳеч нарса қилмайман. Ўтинаман, уларни мендан олиб қўймагин!..”

Ўша кундан кейин Салима ҳеч гапирмабди. Кулмабди. “Агар мен кулсам, уйда шовқин бўлади, аммам билан поччамнинг боши оғриб ўлиб қолишади” деб қўрқар экан. Доим жим ўтираркан…”

Ҳикояси тугаб, Салима кўзларимга қаради ва шундай деди:

—  Биласизми, ҳалиям ҳар кеча дуо қиламан, Аллоҳим, ёрдам бергин, мен гапирмайин, гапирмаслигим учун менга ёрдам бергин!- дея. – Баъзан жуда ҳам хурсанд бўлиб кетаман. Ўшанда қаттиқ қўрқаман, севинчдан қийқириб юборсам шовқин бўлади, онам ўлиб қоладилар деб…

Жажжигина жуссасига нақадар улкан вазифани ортиб олган экан бу қизалоқ!

Қайси биримиз энг сўзамол, энг гапдон ҳолимизда индамасликни уддалай оламиз?! Қайси биримиз, биргина музқаймоқ олганда ҳатто севинчдан қийқириб юбораёзгулик ҳолатда, ўзимизни тия олгандик? Қайси биримиз?! Бундай улкан ва чексиз қалб, катта руҳ, кенг кўнгил нечтадамизда бор, азизлар?!..

Manba: azon. uz

Киритилди: 21:00 13.11.2019. Ўқилди: 2875 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!