Дунёдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчиси бўлган Тайваннинг "TSMC" компанияси 2029 йилгача АҚШнинг Аризона штатида микросхемаларни қадоқлаш заводини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания раҳбарияти Санта-Кларадаги конференцияда маълум қилди.
Ҳозирда "Nvidia" ва "Apple" каби гигантлар Аризонадаги "TSMC" заводидан чиплар сотиб олса-да, уларни якуний қадоқлаш учун Тайванга қайта юборишга мажбур бўлмоқда. Янги завод ишга тушгач, сунъий интеллект учун зарур бўлган мураккаб технологиялар асосида микрочипларни бевосита Қўшма Штатларнинг ўзида ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади.
Шунингдек, "TSMC" АҚШдаги ишлаб чиқаришни тезлаштириш мақсадида "Amkor Technology" компанияси билан ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу қадам маҳсулот етказиб бериш занжиридаги боғлиқликни камайтиришга қаратилган.