Сешанба куни Лиз Трасс Буюк Британия тарихида учинчи аёл бош вазир бўлади ва Даунинг-стритдаги қароргоҳга кўчиб ўтади.
Душанба куни Буюк Британия Консерватив партияси раҳбари сайлови натижалари эълон қилинди. Сайловда ташқи ишлар вазири Лиз Трасс 81,3 мингта овоз олиб ғалабага эришди. Унинг рақиби собиқ молия вазири Риши Сунак 60,4 мингта овоз олиб ғалабани бой берди.
Сешанба куни амалдаги бош вазир Борис Жонсон Даунинг-стрит қароргоҳи қаршисида бош вазир сифатида сўнгги маърузаси билан чиқиш қилади. Кейин у қиролича Елизавета II қабулида бўлади ва бош вазирлик ваколатини топширади. Трасс ҳам қиролича ҳузурига боради ва қиролича уни мамлакатнинг янги бош вазири этиб тайинлайди.
Трасс ҳозирги қиролича учун 15 чи бош вазир ҳисобланади. У ушбу юксак лавозимни эгаллаган учинчи аёлдир. Ундан аввал Маргарет Тэтчер (1979-1990) ва Тереза Мэй (2016-2019) Буюк Британия бош вазири бўлган эди.
Сешанба куни Трасс Вазирлар Маҳкамасининг янги таркибини ҳам тасдиқлаши мумкин, дейилади хабарда.