БАА президентининг дипломатик масалалар бўйича маслаҳатчиси Анвар Гаргаш чоршанба куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчига АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ислом Республикаси олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга йўллаган мактубини топширади. Бу ҳақда Эрон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Эсмоил Бағий маълум қилди.
“Бирлашган Араб Амирликлари президентининг дипломатия масалалари бўйича маслаҳатчиси бугун тушдан кейин ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи билан учрашади; у Эронга Трампдан мактуб олиб келмоқда”, — дея дипломатнинг сўзларидан иқтибос келтирган ISNA агентлиги.
Аввалроқ Трамп Эрон олий етакчиси Али Хоманаийга мурожаат йўллаганини айтганди. Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи бунга жавобан Эрон АҚШ президенти Дональд Трампдан Эрон ядро дастури бўйича олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийга ҳалигача хат олмаганини, бироқ у тез орада воситачи томонидан етказилишини айтди.
“Хат ёзилди, лекин у ҳали бизга етиб келмади. Яқин орада араб давлатларидан бирининг вакили Теҳронга етказиши ҳақида келишув бор”, — деди вазир.