Иордания ва Миср Ғазо секторида яшовчи фаластинликларни қабул қилишга кўнмаса, АҚШ бу мамлакатларга кўрсатилаётган ёрдамни тўхтатади, дея баёнот берди президент Доналд Трамп.
Маълумот учун: АҚШ Ғазо секторида тиклаш ишларини олиб бориш баҳонасида фаластинликларни бошқа мамлакатларга, биринчи навбатда, Миср ва Иорданияга бутунлай кўчириб юбормоқчи. Трампнинг режаси аксарият мамлакатлар ва нуфузли ташкилотларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди.
Трамп Ғазо сектори тикланганидан сўнг бу ерга фаластинликлар қайтарилмаслигини ўз оғзи билан айтганди. Унинг режасига кўра, уруш вайрон қилган Ғазо секторини АҚШ ўз назоратига олади ва бу ерни иқтисодий ривожлантириш билан шуғулланади, аммо фаластинликлар қайтиб келмайди.
БМТнинг босиб олинган Фаластин ҳудуди бўйича комиссияси раиси Нави Пиллей Трампнинг фаластинликларни Ғазо секторидан кўчириб юбориш режасини этник тозалашга тенглаштирди.