АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакат иқтисодиётини тезроқ очишга ундамоқда. Кўплаб штатларда секин-аста бизнесларни очиш ва чекловларни енгиллатиш бўйича аллақачон чоралар кўриш бошланган.
Аммо иқтисодиётни очиш учун Оқ уй томонидан қўйилган шартлар кўп штатларда ҳали бажарилмаган. «Блумберг»нинг ёзишича, камида 10 та штат вирусга чалинганлар сонининг 14 кун давомида мунтазам камайиб бориши, касалхоналарнинг зўриқишсиз ишлаши каби асосий талаблар бажарилмасдан туриб иқтисодиётни очишга қарор қилган. Мамлакатда жами 22 штатда эса ҳар куни коронавирусга чалинган касаллар сони ошишда давом этмоқда.
Техас, Алабама, Жоржия каби республикачилар ҳукмрон штатларда, айниқса, бизнесларни очиш ҳаракатлари аллақачон бошланган.
АҚШда энг муҳим масала – бу иқтисодиёт. Чекловлар қанча узоқ давом этса, мамлакат иқтисодиёти шунча орқага кетади. Бу эса президент Трампнинг шу йил ноябрда қайта сайланиш имкониятларини камайтиради. АҚШ тарихида ёмон иқтисодий кўрсаткичлар билан қайта сайланган президент бўлмаган.
Трамп, шубҳасиз, шундай шахс сифатида тарихга киришни хоҳламайди, дея ёзади АҚШда яшайдиган блогер Беҳзод Мамадиев.