Трамп Нетаняҳу билан учрашувда Ғазодаги сулҳнинг 2-босқичини келишни режалаштирган — Euronews.
Бугун, 29 декабр куни АҚШ президенти Доналд Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу учрашув ўтказади. Учрашувнинг асосий мавзуси Ғазодаги сулҳ битимининг иккинчи босқичини келишиб олиш бўлади.
Нашр манбаларига кўра, музокаралар Трампнинг Флорида штатидаги Мар-а-Лаго қароргоҳида бўлиб ўтади. Исроил ва ҲАМАС ўртасида эришилган дастлабки сулҳ октябр ойидан буён амал қилаётган бўлса-да, сўнгги пайтларда ўзаро айбловлар фонида жараён деярли тўхтаб қолган. Томонлар бир-бирини сулҳ шартларини бузишда айбламоқда. Шу билан бирга, АҚШ айрим масалаларда Исроилни сусткашликда айблаётгани айтилмоқда.
Сулҳ ташаббусининг биринчи босқичи ҲАМАС бошчилигида 2023 йил 7 октябр куни амалга оширилган ҳужумнинг икки йиллиги арафасида бошланган. Иккинчи босқич эса Трамп томонидан таклиф этилган, 20 банддан иборат режани ўз ичига олади. БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган ушбу режа ҲАМАСнинг Ғазодаги ҳукмронлигига барҳам беришни кўзда тутади.
"Музокараларда Ғазога бевосита алоқадор бўлмаган масалалар, жумладан, Эрон мавзуси ҳам кўтарилиши мумкин. Трамп июн ойида АҚШ томонидан Эрон ядровий объектларига берилган зарбалардан сўнг Теҳроннинг ядровий салоҳияти “тўлиқ ва батамом йўқ қилинганини” таъкидлашда давом этмоқда. Бироқ, Нетаняҳу Эрон томонидан таҳдид сақланиб қолаётганини билдириб, қўшимча зарбалар бериш зарурлигини илгари сурмоқда", дейилади Euronews хабарида.