AҚШ президенти Дональд Трамп яқинда бўлиб ўтган телефон орқали суҳбат чоғида Жоржия штати расмийларини президентлик сайловлари натижаларини кўриб чиқиш ва ғалабаси учун етишмаётган овозларни "топишда" ёрдам беришга чақирди, деб ёзади Aмерика ОAВ.
Журналистлар Трампнинг Жоржия штатидаги давлат котиби Брэд Раффенспергер ва бошқа расмийлар билан суҳбатининг аудиоёзувини олишди.
"Мен фақат 7780 та овоз топилишини истайман ... чунки биз ушбу штатда ғалаба қозондик", деди Трамп. У узоқ вақтдан бери Жоржияда ва бошқа бир қатор штатларда сайловларда катта миқдордаги қонунбузарликлар туфайли, хусусан, бюллетенларни тўлдириш сабабли ютқазганини таъкидлаб келади.
"Жоржияда ва бутун мамлакатда одамлар бахтсиз. Шунинг учун сиз ҳақиқий бюллетенларни санаш натижаларини аниқласангиз, ҳаммаси жойига тушади", - дея қўшимча қилди AҚШ президенти.
Шунингдек, у суҳбатдошларни Жоржиядаги овоз бериш натижаларини қайта кўриб чиқишга ва ушбу жараёнга "ҳақиқий натижага муҳтож бўлмаган одамларни эмас, балки пайдо бўлган саволларга жавоб топмоқчи бўлган одамларни" жалб қилишга чақирди.
Aмерика оммавий ахборот воситаларининг фикрига кўра, бундай сўзлар президент сайлов натижаларини кўриб чиқиш учун тўғридан-тўғри расмийларга босим ўтказишга уринаётганлигини кўрсатади.
Республикачилар Жоржия штатида ҳокимият тепасида. Трамп бир неча бор давлат ҳокимиятини ноябрдаги президент сайловларида қонунбузарликларнинг олдини ололмагани учун танқид қилган.