АҚШ президенти Доналд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида жинсий жиноятларда айбланган Жеффри Эпштейн билан боғлиқ барча материалларни ошкор қилишни талаб қилувчи қонунни имзолаганини эълон қилди.
Мазкур қонунга кўра, АҚШ Адлия вазирлиги “Эпштейн иши” бўйича терговдаги барча маълумотларни “қидириш ва юклаб олиш имконияти бўлган форматда” 30 кун ичида эълон қилиши шарт.
Шу билан бирга, АҚШ бош прокурори ва адлия вазири Пэм Бонди амалдаги федерал терговга хавф туғдириши ёки жабрдийдаларнинг шахсини ошкор қилиши мумкин бўлган маълумотларни яшириш ҳуқуқига эга.
Ноябр ойи бошида демократлар Эпштейннинг электрон мактубларини эълон қилганди. Унда АҚШнинг амалдаги президенти “қизлардан бири Трамп билан бир неча соат ўтказгани” даъво қилинган эди. Мактублар эълон қилингач, Трамп ФҚБни Эпштейнни Қўшма Штатларнинг 42-президенти, демократ сиёсатчи Билл Клинтон билан алоқаларини текширишга чақирганди.