АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп насроний тарафдорларига агар шу йилнинг ноябрь ойида унга овоз беришса, «тўрт йилдан кейин» «қайта овоз беришга мажбур бўлмайди», деб ваъда берди.
«Христианлар, чиқинг ва овоз беринг. Шунчаки бир марта. Буни бошқа қилишингиз шарт эмас. Яна тўрт йил ва сиз ҳамма нарса тўғри бўлишини, ҳаммаси яхши бўлишини биласиз, сизлар энди овоз беришингизга ҳожат қолмайди, менинг гўзал насронийларим», — деди президентликка номзод.
Собиқ президент айнан нимани назарда тутгани номаълум эди ва Трампнинг сайловолди ташвиқоти вакили Стивен Чунг Трампнинг сўзларига аниқлик киритиш сўралганда, уларга бевосита изоҳ бермади.
Чунгнинг айтишича, Трамп «мамлакатни бирлаштириш ҳақида гапирган» ва икки ҳафта аввал Трампга суиқасд уюштиришда «бўлинувчи сиёсий муҳит»ни айблаган.
Аввалроқ, декабрь ойида Fox News телеканалига берган интервьюсида Трамп ўзининг «диктаторлик» режалари ҳақида гапириб, агар 5 ноябрдаги сайловда ғалаба қозонса, «бир кунлик диктатор»га айланишини айтган эди.
Трамп ўшанда биринчи куниёқ Мексика билан чегарани ёпиш ниятида эканлигини тушунтирган. «Бундан кейин мен диктатор эмасман», деб хулоса қилди республикачи.
Май ойида, Миллий милтиқ ассоциацияси йиғилишида нутқ сўзлаган Трамп, у икки муддатдан ортиқ президент бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳазиллашди. У демократ Франклин Рузвелтнинг президентлик лавозимини икки муддатдан ортиқ бошқарган ягона АҚШ президенти бўлганини тилга олди. Икки муддатга чеклов унинг президентлигидан кейин жорий қилинган.