Декабрнинг бошида Тошкент шаҳрида транспорт бошқарувини такомиллаштириш ва тирбандликни камайтириш бўйича алоҳида қарор имзоланган эди.
Энди йирик мегаполислар каби пойтахтимизда ҳам транспорт тизимини ягона ёндашув асосида бошқарадиган марказ фаолияти йўлга қўйилади. Бу марказ ҳар бир кўча, ҳар бир чорраҳада транспорт ва пиёдалар оқимини сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилиб, тирбандлик ва йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш билан шуғулланади.
Келаси йили пойтахтга киришдаги 2 та назорат пости шаҳар ташқарисига кўчади, 3 таси реконструкция қилинади. Бу ерларда камида 3,5 мингта юк ва 5,5 мингта енгил автомобиль учун тураргоҳлар ҳамда аҳоли учун кемпинглар барпо этилади.
Асосийси, бу нуқталарга жамоат транспорти тармоғи боғланади. Пойтахтга келаётган меҳмонлар автомобилини шу ерда қолдириб, тез ва хавфсиз жамоат транспортида ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Шаҳар ҳокимлигига келгуси йилда ягона бошқарув тизимига эга светофорлар билан жиҳозланган 100 та «ақлли» чорраҳани йўлга қўйиш, тадбиркорлар билан 30 мингта автомобиль тўхташ жойи қуриб, 300 та бекатни реконструкция қилиш, 40 километр пиёда ва 20 километр велойўлаклар қуриш, 100 километр йўлни таъмирлаб, Юнусобод ва Яшнободда йўл ўтказгич ва туннел барпо этиш топширилди.
Келгуси йилда 200 та электробус олиб келиш вазифаси қўйилди.