Бугун 12 апрель, 2026 йил, якшанба

O'ZB

Тошкентдаги иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади

Тошкентдаги иссиқхоналар Сурхондарёга кўчирилади

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги иссиқхоналар босқичма-босқич Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонасига кўчирилади. Ушбу жараён мамлакатда иссиқхона хўжаликларини марказлашган тизимга ўтказиш ва ишлаб чиқаришни ягона агроҳудудда жамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарорида Сурхондарё вилояти Шеробод туманида “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиши белгиланган.

Янги зона 30 йил муддатга фаолият юритиши белгиланган бўлиб, заруратга кўра муддат узайтирилиши мумкин. Лойиҳанинг асосий йўналиши замонавий иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва йил давомида барқарор озиқ-овқат таъминотини таъминлашдан иборат.

Ҳудудда камида 940 гектар майдонда иссиқхона мажмуалари барпо этилиши режалаштирилган. Шунингдек, энергия тежамкор технологиялар жорий этилиб, муқобил энергия улушини камида 50 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Тадбиркорлар учун қатор имтиёзлар назарда тутилган ер участкалари 5 йилгача ноль ставкада ижарага берилади, сув ресурсларидан фойдаланиш учун 3 йил давомида тўлов ундирилмайди. Бундан ташқари, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам тақдим этилади.

Дастлабки босқич учун давлат бюджетидан 5 миллиард сўм ажратилиши белгиланган, асосий инвестициялар эса хусусий сектор ва халқаро молиявий институтлар ҳисобидан жалб этилади.

Бундан ташқари, экспорт салоҳиятини ошириш учун “яшил йўлак” тизими жорий этилиши ҳамда Нидерландиянинг World Horti Center билан ҳамкорликда замонавий иссиқхона технологиялари татбиқ этилиши режалаштирилган.

Киритилди: Бугун 14:05. Ўқилди: 443 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!