19 декабрь куни Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида қозоқ адиби ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижодига бағишланган “Абай. Қардош халқлар мероси” кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Даурен Абаев, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамкулов, «Жидебай-Борили» Абай музейи директори Турдиқул Шанбай, Тасвирий санъат галереяси директори Камола Оқилова, шунингдек ОАВ ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда давлатимиз раҳбари бошчиликларида бутун туркий халқлар маданий меросини асраш ва тиклашга оид кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахти азимда улуғ қозоқ адиби Абай ижодига бағишланган кўргазманинг очилиши ҳам бунинг яққол далилидир. Ушбу тадбир, шунингдек, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради. Фурсатдан фойдаланиб ушбу тадбирга ташриф буюрган Қозоғистон маданият ва спорт вазири Даурен Абаевга “Ўзбекистонга хуш келибсиз” деймиз. Бугун ўз эшикларини очаётган ушбу кўргазма буюк мутафаккир Алишер Навоий инсонпарварлик анъаналарини ўзида сақлаган Абай ижодини янада мукаммал англаш имконини беришига ишончимиз комил. Унинг барча халқлар тинчлик ва фаровонликда яшаши кераклиги, Шарқ ва Ғарб уйғунлиги, жаҳон меросини ўзлаштириш зарурати, энциклопедизмга интилиш, инсон табиатининг мукаммаллашувига оид ғоялари бугунга келиб ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган”, - дея таъкидлади А.Абдуҳакимов.
Ўз навбатида, Қозоғистон Республикаси маданият ва спорт вазири Даурен Aбаев кўргазмани юқори савияда ташкил этилганини таъкидлаб, Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
– Aлишер Навоий ва Aбай ижоди нафақат туркий, балки умуминсоний қадриятларнинг шаклланиши намунасини ўзида мужассам этган буюк меросдир. Ҳар икки мутафаккир турли даврларда яшаб ижод қилган бўлса-да, уларни шеъриятдаги инсонпарварликка интилиш, ислоҳотчилик руҳи бирлаштиради. Улар икки қардош халқнинг маънавий устунларидир”, - деди Даурен Aбаев.
“Абай. Қардош халқлар мероси” кўргазмаси қатор бўлимлардан иборат бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олган:
Кўргазмада шунингдек қозоғистонликларнинг кундалик маиший ҳаётида фойдаланувчи, декоратив-амалий санъат буюмлари, Абай ҳаёти ва ижодига бағишланган тасвирий санъат асарлари, графиклари, шунингдек Абайнинг асарлари намойиш этилмоқда.
19 декабрь куни иш бошлаган “Абай. Қардош халқлар мероси” кўргазмаси 30 декабрга қадар давом этади.