“Толибон” давлат идораларида ишлайдиган аёлларнинг ойлигини лавозимидан қатъи назар 5 минг афғони (салкам 900 минг сўм) этиб белгилади. Бу ҳақда Sputnik Афғонистон хабар берди.
Давлат хизматида ишловчи аёллар ва ўқитувчилар маошларининг қисқариши оғир иқтисодий муаммоларга олиб келиши, болалар оч қолишини таъкидламоқда. Аёллар “Толибон”нинг 5 минг афғони тўлаш ҳақидаги қарорини “адолатсизлик” деб атаган ва “Толибон” раҳбарининг буйруғи аёлларга нисбатан “жиддий таъқиб” эканини билдирган.
Бир ҳафта олдин “Толибон” етакчиси аввалги ҳукуматда ишлаган ва ҳозир ҳам фаолият юритувчи аёлларнинг маошини 5 минг афғони этиб белгилаш тўғрисида фармойиш чиқарганди.