“Толибон” ҳаракати Россия розилиги билан Беларусдан қурол-яроғ ва дронлар сотиб олмоқда, Ҳиндистон эса битимларда воситачилик қилмоқда. Бу ҳақда Афғонистоннинг беш нафар собиқ юқори мартабали амалдорига таяниб Afghanistan International хабар берди.
Уларнинг маълумотларига кўра, Минск ва “Толибон” ўртасидаги алоқалар май ойи охири ва июнь ойи бошида Афғонистон мудофаа вазири Муҳаммад Ёқубнинг Москвага ташрифидан сўнг фаоллашган. Ташриф чоғида ҳарбий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган. Россия томонига кўра, ҳужжат Афғонистонда қолган совет ҳарбий техникасини таъмирлашни назарда тутади.
“Толибон”га яқин бўлган телеканал суҳбатдоши Беларусь билан келишувлар мавжудлигини тасдиқлади. У ҳамкорлик Россия иштирокида амалга оширилаётганини айтди. Манбаларга кўра, “Толибон” Покистон билан муносабатлар кескинлашгани сабабли қурол-яроғ ва дронларга қизиқиш билдирмоқда.