Япония ҳукумати Россиядаги япон марказларининг барча олти филиалини ёпишга қарор қилди. Бу ҳақда Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Йосимаса Хаяши матбуот анжуманида маълум қилди.
Япониянинг Kyodo агентлиги хабар қилишича, Хаяши ҳукумат Россияда япон тилини ўргатувчи ва икки давлат ўртасидаги дўстлик рамзига айланган олти япон марказининг фаолиятини тўхтатишга қарор қилганини айтди.
Бу қарорнинг сабаби Токиода эълон қилинмади.
Маълумотга кўра, япон марказларининг фаолияти Япония ҳукумати томонидан мамлакатнинг Россия Федерациясидаги элчихонаси орқали молиялаштириб келинган.