Миллат руҳиятининг ёрқин тимсоли ва давлатчиликнинг энг муҳим рамзларидан бири тилдир. Тил – жамият тарихи ва тараққиётини кўсатувчи, инсоний алоқа-муносабатларни таъминловчи асосий восита. Шу боисдан ҳам, охирги пайтларда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш борасида бир қанча қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, апрель ойида қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни, Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган давлат тилида иш юритишни таъминламаган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси, ўтган яқин кунларда Ички ишлар вазирлиги ташаббуслигида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамалари порталига жойлаштирилган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқе-мартабасини юксалтириш борасида олиб борилаётган жиддий изланиш ва ўзгаришларнинг яққол намунасидир.
Бинобарин, тил – миллат, жамият мулки. Шунинг учун у ҳамиша эъзоз ва эътиборга, янгиланиш ва ривожланишга эҳтиёж сезади. Қайси тизим бўлмасин, шу соҳанинг барча ходимлари, умуман олганда, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси давлат тили меъёрларига риоя этишга тенг ҳақли ва жавобгар. Тил умуммиқёс аҳамиятга эга экан, унинг ривожланиши ҳам ёки, аксинча, йўқолиб кетиши ҳам, аввало, шу тилда сўзловчи халқ қўлида. Шунинг учун ҳам миллатпарвар, тилшунослар ҳамиша миллий тили тақдирига қайғуриб, уни сақлаб қолиш учун жиддий изланиш олиб боришган, таклиф-тавсияларни илгари суриб келишган. Айниқса, жадид маърифатпарварлари бу борада янада залворли ислоҳотларга қўл уришган. Ўзбек тилида янги усулдаги мактаблар очиб, ўзбек тили грамматикаси, адабий меъёрларини, луғат бойлиги, амалий аҳамиятини такомиллаштиришга уринишган. Бу борада Абдурауф Фитратнинг хизматларини алоҳида эътироф этмоқ жоиз. Фитрат ўз илмий-ижодий фаолияти давомида ўзбек тилининг тарихий тараққиёти, лексик-грамматик хусусиятлари, маъно товланишлари, луғат таркиби хусусида жиддий тадқиқотлар олиб боради, туркий тил устуворлигини назарий-амалий асослашга ҳаракат қилади. Мутафаккир ўзбек тили тўғрисидаги изланиш-кечинмаларига шундай хулоса қилади: “Дунёнинг энг бой, энг бахтсиз бир тили қайси тилдир? Биласизми? Туркча. Шоирлик қилмоқчи эмасман, сўзнинг тўғриси шудир. Дунёнинг энг бой тили туркчадир, энг бахтсиз тили ҳам худ туркчадир... Туркча бахтсиздир. Минг йилдан бери эзила келмишдир, лекин битмамишдир. Битмас, яшамишдир – яшар. Негаким, бойдир... ”
Дарҳақиқат, ўзбек тили дунёдаги энг бой ва қадимий тиллардан биридир. Ривожланишнинг турли босқичларини мардонавор босиб ўтаётган ўзбек тили ўз тарихий тараққиёти давомида жамият, миллат, замон билан ҳамнафас янгиланиб, ўзгариб келмоқда. Алишер Навоийнинг мислсиз саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ асосий мулоқот воситаси, ижод тилига айланган туркий тил ХХ аср бошларида аянчли аҳволга келиб қолгани боис жадид маърифатпарварлари томонидан ҳимояга олинди. Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпонларнинг миллат тилини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида олиб борган ташаббус ва тадқиқотлари, ташвиқот ва тарғиботлари натижаси сифатида бугун ўзбек тили ўзининг миллий мақомини тўла сақлаган ҳолда ҳуқуқий мустаҳкамланиб, илмий-амалий жиҳатдан такомиллашиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
21 октябрида қабул қилинган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850- сонли фармони асосида мамлакатимизда давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш бўйича тизимли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида ҳам ушбу йўналишда самарали ишлар йўлга қўйилган бўлиб, ижро аппарати ва тизим корхоналарида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб босқичма-босқич барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, йиғилиш баёнлари, ўзаро ёзишувлар, тизим биноларида ўрнатилган ташқи ёзувлар, пешлавҳа, реклама ва эълонлар, кўргазмали ва бошқа ахборот матнлари давлат тилида ёзилишини таъминлаш ва давлат тилида иш юритиш бўйича қатъий тартиблар жорий этилди. Ушбу ишларни самарали ташкил этиш ва юқори натижадорликка эришиш учун “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимидаги 27 та ишлаб чиқариш корхоналари ва ташкилотларнинг зарурий билим ва тажрибага эга бўлган ходимлари давлат тилида иш юритишни таъминлаш бўйича масъул этиб тайинланди.
Шу ўринда “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти тизимида соҳага тегишли кўпгина манбалар чет тилида бўлгани боис ҳужжат юритиш ишларининг маълум қисми рус тилида олиб борилганлигини ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Аммо ҳозирги кунда электр-энергетика соҳасида 30 йил давомида деярли рус тилида фойдаланиб келинган мазкур манба ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг, соҳага тегишли 177 та атаманинг ўзбекона муқобиллари, ўзбек тилидаги таржималарини шакллантириш ва тизимда давлат тилида иш юритишни таъминлаш бўйича ҳам жадал ишлар йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда, Жамиятнинг марказий ва қуйи тузилмалари ходимлари, шунингдек, бошқа тилларда сўзлашувчи ходимлар учун Жамият ҳузурида фаолият юритаётган “Ўқувэнергияқурилиш” нодавлат таълим муассасаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази билан келишилган ҳолда ўқув машғулотларини ташкил этиш, ходимларга давлат тили ва алифбосини мукаммал ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, тизимда ўзбек тили тарғиботини кучайтириш юзасидан зарурий истиқболли режалар белгиланди.
Бу каби амалий фаолиятлар мамлакатимизда давлат тилини ривожлантириш, корхона ва ташкилотларда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини кўрсатади. Ўйлаймизки, миллий тил равнақи йўлидаги бундай ўзгариш ва янгиланишлар ҳар бир фуқаронинг масъуллиги, ижтимоий фаоллик ва дахлдорлигини оширади ҳамда ўзбек тилининг амалий тарғиботи, кенг қўлланилиши ва янада юксалиши учун замин яратади.
СУРАЙЁ ПЎЛАТОВА,
“Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти раисининг
маънавий-маърифий ишлар ва давлат тилини ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси