АҚШнинг Теннесси штатида сўнгги 200 йил ичида илк бор аёл қатл этилади. Бу ҳақда ABC News хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Криста Пайк жиноят содир этган пайтда 18 ёшда бўлган. У ва унинг ҳамроҳи Тадарил Шипп курсдоши Коллин Слеммерни қийноққа солиш ва шафқатсизларча ўлдиришда айбдор деб топилган.
Ўша пайтда 17 ёшда бўлган Шипп шартли равишда муддатидан олдин озод этилиш имконияти билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Пайк ўз айбини инкор этмайди. Бироқ унинг адвокатлари ва тарафдорлари қатл жазосини қилмишга нисбатан мутаносиб эмас деб ҳисобламоқда. Улар бунда унинг ўша пайтдаги ёши, руҳий ҳолати билан боғлиқ муаммолари ва болалигида бошидан кечирган зўравонлик ҳолатларига ишора қилмоқда.
Ҳукмни ижро этиш 30 сентябрга белгиланган.
«Агар Пайкнинг қатли режалаштирилганидек амалга оширилса, бу Теннессида 1820 йилдан бери аёлга нисбатан ижро этилган биринчи қатл бўлади», — дейилади хабарда.