Фаол ватандошлар маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш бўйича ўз таклифларини яна Openbudget.uz порталида қолдириши мумкин – “Ташаббусли бюджет” доирасида жорий йил 2-мавсуми бошланди. Мавсум бюджети 2,2 трлн сўмга тенг. Аввалги иккита мавсумда кетма-кет ғолиб бўлган 1122 та маҳалла бу гал ташаббус кирита олмайди, улар қўшни маҳаллаларни қўллаб-қувватлаши ёки шериклик механизмидан фойдаланиши мумкин.
Бугун, 15 июлдан “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2026 йилги иккинчи мавсуми лойиҳа киритиш босқичи бошланди.
Ташаббускор ватандошлар 3 августгача ўз лойиҳаларини Openbudget.uz порталида илгари суришлари мумкин.
Жорий мавсум учун ажратилган бюджет – 2 триллион 187,7 млрд сўм.
Ўрнатилган тартибга кўра, лойиҳани амалга оширишнинг умумий қиймати қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт минг баравари (1 млрд 648 млн сўм), жиҳозлаш лойиҳалари бўйича икки минг баробаридан (824 млн сўм) ошмаслиги лозим.
Шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳалар ҳам 3 августгача қабул қилинади. Бунда кейинчалик лойиҳа учун зарур маблағнинг 50 фоизи тўпланган тақдирда, лойиҳа овоз бериш босқичига ўтказилмасдан автоматик ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоиз маблағ маҳаллий бюджетдан молиялаштирилади.
Анъанавий овоз бериш босқичи якунларига кўра, ғолиб лойиҳалар 1 сентябр – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги байрами куни эълон қилинади.
Мингдан ортиқ маҳаллада танаффус
Жорий мавсумда 1122 та маҳалла танаффус олади, яъни лойиҳа кирита олмайди, чунки улар аввалги иккита мавсумда кетма-кет ғолиб бўлишган.
Лойиҳа киритиш имконияти чекланган маҳаллалар рўйхати билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.
Танаффусга тушган маҳаллаларда шерикчилик асосида лойиҳаларни илгари суриш имконияти мавжуд.