Давлат экологик экспертизаси маркази томонидан жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб eco-service.uz (тест режимида ишламоқда) ахборот тизимининг янги версияси ишга туширилиши экологик экспертиза соҳасида бюрократик тўсиқлар ҳамда қўл меҳнатини қисқартириш, шаффоф ва қулай тизим яратиш, қамров даражасини кескин оширишни таъминлайди.
Марказ ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Акрамованинг маълум қилишича, “service.uz” тизими орқали тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларга экологик экспертиза хулосасини олиш тўғрисида СМС-хабарнома шаклида огоҳлантириш хати ўзбек ва рус тилларида юборилади. СМС-хабарномалар деярли бир зумда етказилади. Бу эса тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектларига экспертиза ҳолати тўғрисида тезкор маълумот олиш имконини беради.
– Мобиль қурилмалар ҳар доим қўлда, шунинг учун СМС орқали хабарномаларни олиш, масалан, электрон почта ёки оддий почта хизматидан кўра қулайроқдир, – дейди Шаҳзода Акрамова. – Тезкор етказиб бериш хизмати қулайлиги билан тадбиркорлик ва хўжалик юритувчи субъектлар кутиш ва бошқа каналлар орқали маълумот олишга кетадиган вақт ва ресурсларини тежайди.
Қайд этилишича, экологик экспертиза хулосасини олиш тўғрисида хабар олиш тадбиркорларга экологик қоидаларга риоя қилиш муҳимлигини эслатиб, уларни янада масъулият билан ёндашишга ундайди.