Бугун 9 ноябрь, 2026 йил, душанба

O'ZB

“Сўз ихтилоф эмас, балки ўзаро англашув манбаи бўлиши лозим” — Шерзод Асадов

“Сўз ихтилоф эмас, балки ўзаро англашув манбаи бўлиши лозим” — Шерзод Асадов

Тошкентда ЎзА ва ТАСС ҳамкорлигида ташкил этилган III Ўзбекистон–Россия медиа форумида 200 дан ортиқ иштирокчи жам бўлди. Тадбирда сўзга чиққан Президент матбуот котиби Шерзод Асадов икки давлат раҳбарлари ўртасидаги ўзаро ишонч ва стратегик шериклик медиа соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Форумда Ўзбекистон медиа соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам сўз юритилди. Мамлакатдаги 2700 та ОАВнинг 67 фоизи хусусий секторга тегишли, интернет қамрови 94 фоизга етган, фаол контент истеъмолчилари сони 32,7 миллиондан ошган.

Шунингдек, жорий йилда 15 минг номдаги китоб 60 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган. Контент маркази тайёрлаган 26 мингдан зиёд медиамаҳсулот қарийб 2 миллиард марта томоша қилинган, Марказий Осиёда илк Миллий медиабанк ишга туширилган.

Президент матбуот котиби дезинформацияга қарши курашиш миллий хавфсизлик даражасидаги масалага айланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, фейк ва дипфейклар кўпайиб бораётган шароитда ахборот ҳужумлари давлатлар ва халқлар ўртасида ихтилоф келтириб чиқармаслиги керак.

Шерзод Асадов Ўзбекистон ва Россия медиа ҳамкорлигининг тўртта устувор йўналишини илгари сурди. Булар — қўшма журналистика мактаблари ва стажировкалар ташкил этиш, ахборотни текширишнинг умумий стандартларини яратиш, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича қўшма ишланмалар ҳамда журналистлар, блогерлар ва таҳририятлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтиришдан иборат.

Нутқи якунида Шерзод Асадов форум янги ҳамкорлар топиш ва қўшма лойиҳаларни бошлаш учун амалий майдон бўлишига ишонч билдириб, Алишер Навоийнинг “Кимки дўст топса, хазина топибди” деган ҳикматини келтирди.

Киритилди: Бугун 15:41. Ўқилди: 285 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар