Бугун 21 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Сурхондарёда эр ўз хотинининг қотилига айланди

Сурхондарёда эр ўз хотинининг қотилига айланди

Бир ишнинг оқибатини ўйламаган киши борки, хатти-ҳаракатини нотўғри йўналтириб, қонун олдида жавоб беради. “Судланган” деган тамғани орттириб олади. Сўнг бутун умр афсус чекади.

Ангор тумани Илғор маҳалласида яшовчи Анвар Қаршиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) тоғни урса талқон қиладиган йигитлардан. 37 ёшда, икки фарзанднинг отаси, муқаддам судланган, 2021 йилда жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди томонидан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) билан юритилган жиноят иши тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан Жиноят кодекси 661-моддасига асосан ҳаракатдан тугатилган.

Анвар Қаршиев 2012 йилда жарқўрғонлик Насиба Нарзуллаева билан турмуш қурди. Дастлаб ҳаётлари яхши эди. Икки нафар фарзандли бўлишди. Кейинчалик оилада турли жанжаллар кўпайди. 2018 йилга келиб хотин фарзандларини олиб ота уйига кетиб қолди.

2022 йил 3 майга келиб, Анвар Юлдуз Осмонова деган аёл билан илакишиб, шаърий никоҳдан ўтиб, укасининг уйида яшай бошлади. Буни эшитган биринчи хотин 27 июль куни болаларини етаклаб эри яшаётган хонадонга борди. Эридан “сен билан бирга яшайман, анову ёлмоғизни ҳайдаб юбор” деди. Иккинчи хотин билан жиққа мушт бўлди. Эридан Юлдуз Осмоновани чиқариб юборишни талаб қилиб жанжал кўтарди. Иккинчи хотин бу жанжалларга чидолмасдан уйдан чиқиб кетди. Ўша куни Насиба ҳам уйда етарли шароит бўлмаганлигини кўриб, фарзандларини олиб ота ҳовлисига қайтди.

Орадан икки кун ўтиб шомга яқин Насиба Нарзуллаева ўғли Азаматни етаклаб эрининг уйига келди. Мақсади ўзига ва болаларига тегишли бўлган кийим-кечакларини олиб кетиш эди. Эр хотинининг ўз уйида яна пайдо бўлганини кўриб жаҳл отига минди. Ўртада низо чиқди. Хотин: “сен эркак эмассан, сендан кўра ит яхши” деди. Эрнинг бундан жаҳли чиқди. Ўзини бошқара олмасдан оғилхонада турган белкуракни олиб, вояга етмаган фарзанди кўз ўнгида хотинини ура кетди. Дастлаб юзига мушт туширди. Сўнгра белкуракнинг кесувчи қисми билан боши ва елкаси оша бир неча бор қаттиқ зарба берди...

Насибанинг бошидан қон оқарди. Эр рўмол билан уни бошини боғлаб қўйди. Қилғиликни қилиб, тез ёрдамга қўнғироқ қилди. Тез ёрдам ходимлари келиб жабрланган аёлни шифохонага олиб кетишди. Афсуски, эр томонидан берилган зарбалар ўз натижасини кўрсатди. Олиб борилган тиббий муолажаларга қарамасдан бечора аёл касалхонада жон таслим қилди...

Мазкур содир этилган жиноят иши юзасидан суд мажлисида судланувчи Анвар Қаршиев айбига қисман иқрор ва пушаймонлик билдириб суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Аммо қонун ўз сўзини айтади.

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди томонидан ушбу жиноят иши суд мажлисида мазмунан кўриб чиқилиб, Анвар Қаршиевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2 - қисми “ж” банди билан айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бу ҳукмдан норози бўлган судланувчи жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судига апелляция тартибида шикоят берди.

Жиноят иши Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг ҳукми ўзгаришсиз, шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Икки нафар фарзанднинг онаси бу ҳаётни бевақт тарк этди, ота қамоқда, болалар тирик етим бўлиб қолди. Аслида эр-хотин муроса қилиб ҳаётларини давом эттирса бўларди. Жамиятга фойдаси тегарди. Жаҳл келса ақл қочади, деганларидек Анвар Қаршиев “қотил эр” тамғасини олиб жазо ўтайдиган бўлди.

Жасур Худойбердиев,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Киритилди: 11:39 23.05.2023. Ўқилди: 3909 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!