Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган уч кунлик сулҳга қарамасдан, Россия армияси Донецк вилоятида ҳужум ва ўқ узишларни давом эттирмоқда. Покровск, Торецк, Лиман, Новопавловка ва бошқа йўналишларда жанглар бўлмоқда, деб маълум қилди Украина Қуролли кучлари вакили Виктор Трегубов.
Шу билан бирга, Трегубовнинг таъкидлашича, "ҳозирда душманнинг фаоллиги анча камайган", лекин "сулҳ ҳақида гапиришга асос йўқ".
"Кўриб турибмизки, фронтда сулҳ сезилмаяпти, орқа сафларда ҳам ундан дарак йўқ”, — дея Трегубовнинг сўзларини келтиради “Укринформ” агентлиги.
Аввалроқ Украина томони 8 май куни кечаси Россиянинг ҳужумлари ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия тактик авиацияси томонидан Суми вилоятга бошқарилувчи авиабомбалар йўллангани, шунингдек, фронтга яқин ҳудудларда авиация воситалари қўлланилиши таҳдиди ҳақида маълум қилинган. Шу билан бир қаторда, ўтган тун Украина осмонида бирорта ҳам Россия дрони қайд этилмаган.
Украина Қуролли Кучларининг учта бўлинмаси хизматчилари “Суспільне” телеканалига маълум қилишича, уларга эълон қилинган сулҳ давомида фақат жавоб зарбаларига рухсат берилган. Каналнинг хабар беришича, бундай буйруқлар Украина ҳарбийларига "Пасха сулҳи” пайтида ҳам берилган эди.