Бугун 21 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Статистика қўмитаси: "Ҳар 100 хўжаликда 81 та кир ювиш машинаси, 44 та енгил автомобиль бор"

Статистика қўмитаси: "Ҳар 100 хўжаликда 81 та кир ювиш машинаси, 44 та енгил автомобиль бор"

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Аҳоли турмуш даражасини баҳолашда танланма кузатувларнинг ўрни” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Давлат статистика қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Зиядуллаев ва бошқарма бошлиқлари иштирок этишди. Бу ҳақда АОКА ахборот хизмати хабар қилди.

Анжуманда қайд этилишича, аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини ўрганиш мақсадида давлат статистика органлари томонидан ҳар йили уй хўжаликларида танлама усулда кузатувлар ўтказилади.

2018 йил уй хўжаликлари кузатуви натижаларига кўра, Интернет тармоғига уланиш имконияти мавжуд уй хўжаликларининг улуши 80,9% ни ташкил этди. Интернетдан фойдаланувчи 10 ёш ва ундан катта шахсларнинг улуши 55,2% ни, улардан эркаклар 60,4% ни, аёллар эса 50,2% ни ташкил этмоқда. Юзта уй хўжалигида телевизорлар – 155 та, электр чангютгичлар – 55 та, кир ювиш машиналари – 81 та, совутгич ва музлатгичлар – 103 та, шахсий компьютерлар – 52 та, енгил автомобиллар – 44 та, кондиционерлар – 35 та, мобил телефонлар – 262 тага тўғри келмоқда.

Анжуманда шунингдек, мутасаддилар журналистларнинг гўшт истеъмоли борасидаги саволига ҳам жавоб қайтардилар. Қўмита бошқарма бошлиғи Жаҳонгир Йўлдошевнинг маълумот беришича, ўзбекистонликлар бир йилда ўртача 43,2 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотларини истеъмол қилади.

«Бу кўрсатгич кам ёки кўп экани ҳақида бирор нарса дея олмайман. Аммо аҳолининг гўшт истеъмоли қўшни Тожикистон ёки Қирғизистондан кўпроқ. Аммо Россия, Қозоғистон, Озорбойжон ва бошқа Болтиқбўйи давлатлари аҳолисига нисбатан камроқ гўшт истеъмол қиламиз», — деди Йўлдошев.

Киритилди: 12:12 01.10.2019. Ўқилди: 3184 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!