Бугун 25 ноябрь, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Соқол қўйиш олифталикми ёки?..

A A A
Соқол қўйиш олифталикми ёки?..

Соқол қўйиш... Аввалига бу ҳақда нима ёзишга бироз ўйландим ва атрофни кузатишни бошладим. Йўлимда дуч келган ҳар тўртта эркакларнинг биттаси соқол қўйган. “Ҳа, бунинг нимаси ёмон?” дея иддао қилишга шошилманг ва қуйидагиларга қулоқ тутинг.

Тўғри, динимизда ҳам, давлатимиз томонидан ҳам соқол қўйиш ҳақида ҳеч қандай тақиқ ва чекловлар йўқ. Лекин... ана шу лекин мени бироз ўйлантириб қўйди. “Энди чекловлар йўқ-ку”, деб ёш йигитчаларнинг ҳам соқол қўйиши, қўйганда ҳам ўзига ярашмаган ва тартибсиз қилиб ўстириб юриши қайси меъёрларимизга тўғри келади? Ёки уларнинг ота-онаси бу борада фарзандига танбеҳ беришни кейинроққа суриб, қандайдир мўъжиза рўй беришини кутишаётганмикин?..

Тақлид сизга ярашадими?

Бу ерда телеканалларимизда тақдим этилаётган турли турк сериалларининг ҳам таъсири катта эканини таъкидламай иложимиз йўқ. Хўш, ўша сериаллардаги актёрнинг шу имижига ҳавас қилган экансиз, нега яхши ҳислатларини эмас, айнан ўзингизга ярашмаган томонларини кўчириб оляпсиз? Ёки шу кўриниш сизни ўша тақлидчингизга яқинлаштирадими? Айтинг-чи, нега соқол қўйишни шунчаки олифталикка айлантириб олдингиз? Сизга ким ҳуқуқ бердики, ислом динида суннат дея айтилган бундай ишни ниқоб қилиб, оғзингизни тўлдириб сўкинаркансиз-да, яна “Мен динимиз амалларини бажаряпман” дея кўкрак керасиз?

Санъаткорлардан ўрнак оляпсизми?

Яна бир фикр. Халқимиз санъатсевар халқ. Аммо бу санъаткорнинг қилганини қилиш керак дегани эмас, ёки “Халқимиз биздан ўрнак олади-ку” деган фикрни эсдан чиқариб, айрим санъат вакилларига ўхшаб соқол ўстириш нега керак бўлиб қолди йигитларимизга ҳайронман? Яна қайтараман, мен йигитларимизнинг соқол қўйишини танқид қилмоқчи эмасман, бироқ ҳамма нарсада меъёр ва чегара борлигини наҳот унутиб қўйдик?!

Ҳамон эсимда, ёшлигимизда бир нуроний қўшнимиз бўларди. Уларнинг нуронийлиги оппоқ кўксига тушиб турган соқоли билан янада сирли кўринарди. Доим ана шу қордек соқолини силаб бизларга уруш йилларидаги хотираларини сўзлаб берарди... Ўйлашимча, соқол бизнинг ана шундай нуроний отахону боболаримизга ярашади. Ҳа, кўксида оппоқ соқоли, қўлида тасбеҳи ила дуога қўл очаётган ўзбек бобосини бир кўз олдингизга келтиринг, а!

Энди тасаввур оламингизни технологиялар даврининг бугунги ёшлари томон буринг. 17-18 ёшлар атрофидаги йигитча тартибсиз соқол қўйиб олганча кўчада дўстлари билан уятсиз гапларни айтиб, ўз кўринишию гап-сўзлари билан ҳаммани лол қолдиришга уринса. Буни қандай тушуниш керак?!

Гулзода АБДУРАИМОВА

 

Киритилди: 10:52 19.07.2018. Ўқилди: 10343 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар