Бугун 24 июнь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Сигарет чекишнинг ҳукми қандай?

A A A
Сигарет чекишнинг ҳукми қандай?

Савол: Сигарет чекишнинг ҳукми нима? 

Жавоб:  Сигарет чекиш жоиз эмас. Чунки унинг истеъмолга яроқсиз ва нопок нарса экани барча соғлом ақл соҳиблари томонидан эътироф этилган. Шунингдек, оятда нопок нарсаларнинг ҳаромлиги ва пок нарсаларнинг ҳалоллиги очиқ-ойдин айтилган: 

“Улар шундай кишилардирки, уммий (саводсиз) пайғамбарга — номини ўз олдиларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган ҳолда топишадиган — элчимизга эргашадилар. У пайғамбар уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни улар учун ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади ҳамда улардан юкларини ва устларидаги кишанларини олиб ташлайди (яъни ислом динидан аввалги динларда бўлган оғир, машаққатли ибодатларни олиб ташлаб, уларнинг ўрнига осон ва енгилларини келтиради). Бас, унга иймон келтирган, уни улуғлаб, унга ёрдам қилган ҳамда унинг (келиши) билан нозил қилинган нурга (яъни Қуръонга) эргашган зотлар — ана ўшаларгина нажот топгувчилардир” (“Аъроф”, 157-оят).

“(Эй Муҳаммад, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: “Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг – Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир”. (“Моида”, 4-оят).


Умму Салама (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагиларни ўқиш мумкин: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштирувчи нарсадан қайтардилар” (Абу Довуд, ​3688-ҳадис). 

Сигаретнинг зарари тиббиёт томонидан исботланган. Шариат эса зарар исботланган нарсаларни истеъмол қилишни ман қилади. Шунингдек, зарарли нарсаларга маблағ сарфлаш ҳам мол-давлатни исроф қилиш ҳисобланади ва бу шариатимизда оқланмайдиган ҳолат саналади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мол-давлатни зое қилишдан қайтарганлар (Бухорий, 6862-ҳадис; Муслим, 593-ҳадис). Машҳур табиб ва шифокорлар сигаретда никотин моддаси мавжудлиги ва бу модда героин ва кокоинда ҳам борлигини таъкидлаганлар.
Баъзи инсонлар “Сигарет таркибидаги гудрон зарарли эмас, зарар берса ҳам, жуда кам миқдорда зарар етказади”, деган фикрлар билан ўзларини оқлашга ҳаракат қиладилар. Лекин бу нотўғри фикр. Чунки ҳозирги замон тиббиёти шуни исботлаганки, сигаретдаги оз миқдордаги гудрон моддаси саратоннинг нодир турларидан бирини пайдо қилишга қодир. Бир сўз билан айтганда, тамаки маҳсулотлари инсон соғлиғи учун хавли бўлиб, турли касалликлар, хусусан, саратон касаллигини келтириб чиқаради.

Манба: @islamcenteruz

Киритилди: 06:49 01.06.2018. Ўқилди: 7288 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!