Ширинже - Измирдан 89 км ва Селчук туманидан 8 км узоқликда жойлашган мафтункор юнон қишлоғидир. 2012 йилда Майя тақвимидан тарқалган апокалиптик сценарийлар билан хотираларга муҳрланган десак хато бўлмайди. Қишлоқнинг ўтмиши аниқ бўлмаса-да, у милоддан аввалги беш юзинчи йилларга бориб тақалади. Қадимги манбаларда "Тоғдаги Эфес" номи билан аталган қишлоқ, кейинчалик Киркинжа ва Чиркинже деб аталган. Бу мафтункор қишлоққа охирги номни Туркиянинг республика сифатида эълон қилинган дастлабки йилларида Измир ҳокими Казим Дирик томонидан берилган. 1923 йилги “Алмашинув шартномаси” орқали бу ерда истиқомат қилган юнон фуқаролари Юнонистонда яшовчи турклар билан алмашишга мажбур бўлдилар ва таърифлаб бўлмас оғриқлар бошдан кечирилганлигини таъкидлаш жоиз.
Ширинжедаги диққатга сазовор жойлар
1. Агиос Иоаннес Продромос (Юҳанно Баптист) черкови. Қишлоқнинг ғарбидаги баланд айвонда жойлашган черковнинг таъмирлаш ёзувига кўра, черков 1805 йилда Чўқинтирувчи (Баптист) Яҳё (Айиос Иоаннес Продомос) номидан Ҳелиаполис (Айдин) муқаддас руҳонийси буйруғи билан Сипҳнослик Каллиникос ёрдамида қурилган. Эшикдаги 1832 йилга оид ёзувда иккинчи марта таъмирлангани келтириб ўтилган.
2. Аясости черкови (ёғоч гумбазли черков). Қишлоққа кираверишдаги тепаликда жойлашган бу черков XIX асрда қишлоқда яшовчи юнонлар томонидан барпо этилган. Қурилиш санаси номаълумлигича қолмоқда. Мутахассисларнинг текширувларига кўра, черков базилика услубидаги тўртбурчаклар схемасига эга. Молоз тош ва ёғочдан ясалган черков том билан қопланган. Черковнинг ўта қалин тиқинли саккизта дераза билан ёритилган “наос қисми”даги уч қиррали меҳроб ва деворлар фрескалар билан безатилган. Ушбу фрескалар панелларда жойлашган бўлиб, уларда XIX аср охирида маҳаллий юнон ҳунармандлари томонидан яратилган 12 ҳаворийнинг суратлари мавжуд.
3. Тош мактаби. Ширинженинг тарихий юнон мактаби “Артемис шароб уйи” ҳамда “Танзимат ислоҳоти” давридан республика эълон қилингунгача бўлган таълим тарихи музейи сифатида ташриф буюрувчиларда қизиқиш уйғотмоқда. Ўта ғайриоддий буюмлар, тарихий аҳамиятга эга ҳужжатлар ва фотосуратлар намойиш этиладиган музейга иш кунларида бепул ташриф буюришингиз мумкин.
4. Несин математика қишлоқчаси. Бу қишлоқча Ширинжедаги ташриф буюришингиз лозим бўлган жойлар орасида рўйхатингизнинг ажралмас қисмидир. Математика қишлоғи - бу математикага меҳр қўйган барча ёшдаги одамлар бу фан бўйича таълим олишлари ва тадқиқот қилишлари мумкин бўлган дунёдаги ноёб жой бўлиб, батамом илм-фанга бағишланган ажиб қишлоқ ҳисобланади. Ширинжедан 1 км узоқликдаги Математика қишлоғи том маънода тоғнинг тепасида, мутлақ вайронагарчилик ҳукмрон бўлган, тошдан, лойдан ва сомондан ясалган ҳамда ўсимликлар билан аралашиб кетган уйлар, ўзининг табиий муҳити билан сайёҳларнинг севиб ташриф буюрадиган масканларидан ҳисобланади.
Буларни қилмасдан Ширинжедан қайтманг!
Аясости черкови ёнидаги маконда анжир данаги қаҳвасини ёки қумда тайёрланган турк қаҳвасини татиб кўринг ёки чой ичинг.
Муздек шотут шарбатини татиб кўринг.
Ҳодри Майдони минораси терасидан гўзал манзарани томоша қилинг.
Тор кўчаларда сайр қилиб, маҳаллий меъморчиликдан баҳраманд бўлинг ва маҳаллий одамларнинг турмуш тарзига гувоҳ бўлинг.
Маҳаллий ошхона дурдоналаридан баҳраманд бўлинг.
“Тош Мактаб” номи билан танилган рум мактабининг боғидан қишлоқнинг умумий кўринишини томоша қилинг.
Маҳаллий ишлаб чиқарилган зайтун ёғини татиб кўринг, манзур келса сотиб олинг.
Математика қишлоғига ташриф буюринг, фарзандларингиз учун янги уфқларни очинг.
Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашинг, ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олинг ва уларнинг иқтисодиётига ҳисса қўшинг.