Шимолий Корея ҳарбийлари эвазига Россиядан йилига 600-700 минг тонна гуруч, космик технологиялар ва аскарларга 2 минг доллар тўлов талаб қилди. Бу ҳақда The Korea Herald нашри хабар берди.
Хабарга кўра, икки давлат ўртасидаги келишувнинг муҳим қисми шундаки, КХДР ва қўшни мамлакатлар билан низо юзага келса, Россия у томонида жанг қилишни ваъда берган. Жанубий Кореянинг Россиядаги собиқ элчиси Ви Сон Лак бу Шимолий Корея учун анча фойдали келишув эканини айтмоқда.
Шимолий Кореядаги молиявий ва озиқ-овқат инқирози кўп жиҳатдан Россия билан келишув орқали қопланади. Дипломатга кўра, КХДР йилига 4 миллион тоннадан кам дон ишлаб чиқаради, ғалла эса умумий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг учдан бир қисмидан камини ташкил этади, бу эса мамлакат учун етарли эмас.
Шимолий Корея йилига ишлаб чиқараётган 4 миллион тонна ғалла аслида мамлакатни озиқ-овқат билан таъминлаш учун зарур бўлганидан 1 миллион тонна кам. Агар Россия 600-700 минг тонна гуруч таклиф қилса, бу КХДРнинг йиллик талабини қондиришда зарур бўлган маҳсулотнинг ярмидан кўпини қоплашга етарли, деди Ви Сон Лак.
Шунингдек, КХДРдаги озиқ-овқат тақчиллигини камайтиришга Россия билан қурол савдоси ёрдам беради. Дипломат Москва Пхеньяндан артиллерия снарядлари сотиб олаётганини айтди.
Бундан ташқари, келишув Шимолий Кореяга кутилмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда Россия билан биргаликда Корея яриморолида жанг қилиш имконини беради, дея қўшимча қилди Ви Сон Лак.
Агар қачонлардир Корея яриморолида уруш бошланиб қолса, КХДР Россия ёрдамга келишига умид қилиши мумкин, деди у.
Бундан ташқари, Жанубий Корея Миллий хавфсизлик стратегияси институтида (INSS) КХДР ва Россия ўртасидаги битимнинг айрим тафсилотлари ошкор қилинган. Мутахассислар таъкидлашича, Шимолий Корея қўшинларини АҚШдаги президентлик сайловларидан бир неча ҳафта олдин Россияга юбориш қарори шунчаки қабул қилинмаган.
КХДР ўз қўшинларини жўнатиш жараёнини тезлаштириб, Россияни ўзининг ташқи стратегиясига боғлаб олишга интилмоқда, деб ҳисоблайди INSS.
Жанубий Корея Миллий разведка хизматига кўра, Украинага қарши урушда иштирок этгани учун ҳар бир шимолий кореялик аскарга ойига тахминан 2000 доллар тўланади. КХДРнинг камида 10 минг нафар ҳарбийси Россияга юборилади ва йиллик тўловларнинг умумий миқдори 200 миллион доллардан ошиб кетади.