Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Шавкат Мирзиёев Жиззахга келди

Шавкат Мирзиёев Жиззахга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 30 январь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди, деб ёзадиЎзА.

Президентнинг ушбу ташрифи давомида ҳам вилоятни янада ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳаларнинг амалга оширилиши, аввалги ташрифда берилган топшириқлар ижроси, аҳолининг талаб-эҳтиёжлари билан бевосита танишиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбари ўтган йил март ойида вилоятга ташрифи чоғида берган таклиф ва тавсиялари, топшириқлари асосида якунланган 2018 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш омили бўлди.

Вилоятда 2018 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7 триллион 138 миллиард сўмни, ўсиш 2017 йилга нисбатан 105 фоизни ташкил этди. Йиллик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 102,1 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 104,4 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 102 фоизга, чакана савдо айланмаси 107,4 фоизга, хизматлар ҳажми 113,3 фоизга ошди.

Ўтган йили вилоятда 10 миллион 113 минг долларлик саноат ва 34 миллион 504 минг долларлик мева-сабзавот маҳсулотлари, жами 44 миллион 617 минг доллар маҳсулот экспорт қилинди. Натижада экспорт ҳажми 2017 йилга нисбатан 9,5 миллион долларга ёки 127 фоизга ошди.

2018 йилда вилоятда 43 та янги қўшма ва хорижий корхоналар рўйхатдан ўтказилиб, улар сони 120 тага етди.

Ўтган йили вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида умумий қиймати 2 триллион 737 миллиард сўмлик тўғридан- тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши натижасида 395 та лойиҳа амалга оширилди. Бу соҳада ўсиш 232 фоизни ташкил этди.

Давлат раҳбари ўтган йилги ташрифи чоғида ҳудудда етиштирилган пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича берган топшириқлари асосида вилоятда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадида умумий қиймати 27,1 миллион доллар, жумладан, 8 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий нивестиция бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 420 та янги иш ўрни яратилди.

Зарбдор туманида Зарбдор текстиль , Янгиобод туманида Баландчақир текстил , Пахтакор туманида Пахтакор Текс , Мирзачўл туманида Мирзачўл Текс , Мирзачўл тикувчилик , Жиззах шаҳрида Жиззах текстиль масъулияти чекланган жамиятлари томонидан ип-калава, тайёр кийимлар ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Айни пайтда вилоятда 312 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари фаолият олиб бормоқда. Ўтган йили вилоятда етиштирилган 180 минг тонна пахта хом ашёси ҳудуддаги 5 та пахта тозалаш корхонаси томонидан 100 фоиз қайта ишланиб, 60 минг тонна тола олиниши режалаштирилган.

Олинган 60 минг тонна пахта толасининг 23,1 минг тоннаси 38,5 фоизи қайта ишланиши натижасида 20,5 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Иқтисодиётнинг ривожланиши ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини тўлароқ қондириш имкониятини яратмоқда. Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш, мактаб ва мактабгача таълим тизимини ривожлантириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилаётир. Обод қишлоқ , Обод маҳалла , Ёшлар келажагимиз , Ҳар бир оила тадбиркор дастурларини амалга ошириш устида изчил иш олиб борилмоқда.

Президентнинг 2019 йил 3 январдаги Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида ги фармонида 2019 йил 1 мартдан бошлаб Илғор ҳудуд синов лойиҳаси доирасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, давлат томонидан тартибга солиш ва бошқариш соҳасини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳудудни жадал ривожлантириш учун илғор қарорларни аниқлаш белгиланганди.

Киритилди: 15:44 30.01.2019. Ўқилди: 2249 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!