Бугун 1 апрель, 2026 йил, чоршанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев «БМТ Туризм» бош котибини қабул қилди

Шавкат Мирзиёев «БМТ Туризм» бош котибини қабул қилди

Ўзбекистон Президенти “БМТ Туризм” раҳбари билан сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев «БМТ Туризм» бош котибини қабул қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни мамлакатимизда ташриф билан бўлиб турган “БMT Туризм” бош котиби Шайха Носир Ал Новайсни қабул қилди.

Ўзбекистон ва БМТнинг ушбу ихтисослашган муассасаси ўртасидаги кўп қиррали ва узоқ муддатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ташкилот раҳбари Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юксак баҳолади. Сайёҳлик инфратузилмасини модернизация қилиш ва хизматларни диверсификация қилиш бўйича изчил чоралар амалга оширилмоқда. Авиақатновлар географияси кенгаймоқда, янги музейлар ташкил этилмоқда, йирик маданий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Сўнгги 8 йилда юртимизга келган сайёҳлар сони 6 баробар кўпайиб, қарийб 12 миллион нафарга етгани алоҳида қайд этилди. 2030 йилга қадар уларнинг сонини 20 миллионга, туризмнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улушини эса 7 фоизга етказиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ва “БМТ Туризм” ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатда ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан таъкидланди. 2023 йилда Самарқанд шаҳрида Ташкилот Бош Ассамблеяси муваффақиятли ўтказилди, Халқаро туризм академияси ташкил этилди, яқинда эса “Ипак йўлида туризм” мавзусидаги офиснинг очилиши бўлиб ўтади.

Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 2027 йилни Халқаро барқарор ва яшовчан туризм йили деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияси қабул қилинди.

Суҳбат чоғида томонлар шерикликни янада ривожлантириш, жумладан, сайёҳлик соҳасида халқаро ҳуқуқий базани такомиллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, экспертлик ва техник ҳамкорликни кенгайтириш, туризм соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш ниятида эканини қатъий тасдиқладилар.

Киритилди: Бугун 17:51. Ўқилди: 234 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!