Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида бугунги таҳликали ва ноаниқликларга тўла шароитда ҳар бир мамлакат, аввало, энг кўп иш ўринлари яратадиган соҳаларни ҳимоялаш чораларини кўраётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан ташқи бозордаги тебранишлар шароитида 1 миллионга яқин аҳоли ишлаётган тўқимачилик, қурилиш материаллари, мебелсозликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётимизнинг яна бир “драйвери” бўлиши кутилаётган заргарлик саноатига янги суръат бағишлаш муҳимлиги қайд этилди.
Ўтган 4 ойда саноат 6,3 фоизга ўсиб, 290 триллион сўмга етди.
“Бу – ҳозирги мураккаб шароитда ўз вақтида кўрилган чоралар натижаси. Лекин 29 та туманда ишлаб чиқариш 4,5 триллион сўмга камайган. Бу кичкина рақамлар эмас”, - деди давлатимиз раҳбари.