Олий Мажлис Сенатининг 21-ялпи мажлисида йўл ҳаракати хавфсизлиги, ер муносабатлари, фармацевтика, тиббиёт ходимлари байрами ва чет элликларнинг Ўзбекистонда ишлаш тартибига оид қонунлар маъқулланди.
Асосий ўзгаришлар:
▪️Йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазо кучаяди. Маст ҳолда қайта автомобиль бошқарганлар 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Вояга етмаганларга машина бошқаришни топшириш, тезликни кескин ошириш ва йўлда хавфли ҳаракатлар қилиш учун ҳам жазолар кучайтирилади. Тезликни 80 км/соатдан ортиқ оширган ҳайдовчига 65 БҲМ жарима ва 6 ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.
▪️Ер муносабатларига оид қоидалар ўзгаради. Ерларни ўзбошимчалик билан эгаллашга қарши чоралар кучайтирилади, бўш ер участкаларидан фойдаланиш ва уларни бирлаштириш тартиби аниқлаштирилади. Ер ижараси ҳуқуқидан лизинг ва ипотека мажбуриятларини таъминлаш учун фойдаланиш имконияти ҳам кенгаяди.
▪️Тиббий жиҳозларни чакана сотиш учун алоҳида лицензия талаб қилинмайди. Бунинг ўрнига ваколатли органни хабардор қилиш тартиби жорий этилади. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий жиҳозларни бошқа фармацевтика ташкилотида шартнома асосида ишлаб чиқаришга рухсат берилади.
▪️Ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни этиб белгиланади.
▪️Ўзбекистонда рухсатсиз ишлаган чет элликларга 10 БҲМ жарима солинади. Қоидабузарлик бир йил ичида такрорланса ёки жарима тўланмаса, улар мамлакатдан чиқариб юборилади ва Ўзбекистонга кириши уч йилга чекланади.