Бугун 6 июнь, 2025 йил, жума

O'ZB

Савобнинг бутуни яхши!

A A A
Савобнинг бутуни яхши!

Кутилмаганда юмушим кўпайиб ишга кечикиб отландим. Бекатда жонсарак турсам, ёнимга «Матиз» келиб тўхтади. Собиқ ўқувчим Жамол экан. Қувониб кетдим.

– Ассалому алайкум, устоз. Бозор чорраҳасигача чиқвола­қолинг, – деди меҳрибонлик билан.
Жамолни мактабда беш йил ўқитганман. Уйи ҳам кўчамизнинг охирида. Йўл-йўлакай гап­лашиб кетиб, беихтиёр икки-уч бор қўл соатимга қараб қўйдим.
– Ишга кечикяпсиз, шекилли. Сал вақтлироқ чиққанингизда автобусга улгурардингиз, – деди у.
– Э, уйни иши ҳеч тугамайди, югуриб-елиб соатга ҳам қарамабман. Акси бўлади-да ўзи, бугун барвақтроқ боришим керак эди, – дедим хўрсиниб. – Сен орқангга қайтасанми. – Ичимда эса зора катта йўлга олиб чиқиб қўйса, деб ўйладим.
– Қайтаман, молларга кунжарага кетяпман, – деди у хотиржамгина. Тепасига «Емхона» деб ёзилган бино ёнига келгач машинасини ғийқиллатиб тўхтатди.
– Майли, опа, яхши етволинг, – деди у тушақолинг, дегандай.

Мен раҳмат айтиб машинадан тушдим. Яна юрагим дукуллаб машина кута бошладим. Ваҳоланки, катта йўлгача машинада беш дақиқалик йўл қолганди. Жамол тушмагур олиб чиқиб қўйса унча кўп нарса йўқотмасди-ку, деб ўқувчимнинг ҳаракатларидан ранжирканман, негадир ўзимдан хафа эдим. Тўғрида, балки мактабда турли фанлар қатори одамийлик, оқибат каби инсоний хислатлардан ҳам сабоқ берганимда балки ҳозир шу аҳволда қолмасмидим. Ахир беш йил мобайнида унга қанча вақтимни, асабимни, билимимни сарфлаган, уни ҳаётда ўз ўрнини топишига баҳоли қудрат ҳисса қўшгандим-ку.

Наҳотки шунинг қадри, ҳурмати бўлмаса (Шуларни ўйларканман, ҳар доим хаёлимда виқор билан турадиган оқибат аталмиш фазилат уялибгина қаддини буккандай бўлди). Бироқ майли, ҳар ҳолда шу ергача олиб келиб қўйди-ку, инсофи бор экан, танимаганга солиб ўтиб кетса ҳам нима қила олардим. Куни кеча шундай бўлди-ку. Ўзига тўқ оилада яшайдиган собиқ ўқувчим билан автобусда чақ-чақлашиб кетдик. Мактаб даврини, менинг меҳрибончиликларимни завқ билан эслади. Бироқ ўз бекатига келганида шошилиб ўрнидан турди-ю, хайр дейишни ҳам унутиб тушиб кетди. Мен эса меҳнатларимдан миннатдор бўлган ўқувчим учун йўл ҳақини тўлаб юборишни ният қилганимча пулимни чангаллаб қолавердим. Ана шу хаёл менга таскин бўлди.
Тағин сиз бу қанақа муаллим бўлди нега ҳаммага тама билан қаряпти, деб ўйламанг. Мутлақо бундай демоқчи эмасман. Фақат нега йилдан-йилга ота-бола, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, ака-ука, опа-сингил, устоз-шогирд умуман одамлар орасидаги оқибат йўқолиб боряпти, бунинг учун ким айбдор, деган савол дилимни эзяпти. Сиз шунга нима дейсиз, газетхон?!

Муҳаббат ҲАМИДОВА

Manba: od-opress.uz

Киритилди: 08:00 11.11.2019. Ўқилди: 1944 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!