Бугун 25 апрель, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Самарқанддаги жиноят: Шурикнинг охирги саргузашти

Самарқанддаги жиноят: Шурикнинг охирги саргузашти

Самарқанд вилоятининг чекка қишлоқларидаги мактабларнинг биридан ўқотар қурол ўғирланади. У пайтларда ўрта мактабларда ўқувчиларга бошланғич ҳарбий таълим дарси ўтиларди. Ҳарбий таълим хонасидан ўғирланган қуроллар анча вақт топилмайди. Мен Самарқанд шаҳрининг Темирйўл тумани ИИБ жиноят қидирув хизматига ишга ўтганимдан кейин дўконларнинг бирида бўлган ўғрилик жиноятининг ана шу қурол ўғриларига алоқаси борлиги сезилиб қолди. Чунки номаълум шахслар дўкон қоровулини отиб ўлдириб, кейин ўғриликни амалга оширган эди.

Ўша кезлари жиноятчилар орасида Гаррик, Махно, Шурик исмли шахслар борлиги ҳақида эшитиб қолдик. Аммо бу лақаб эди, чунки ўғрилик қилганлар ҳеч қачон ўз исмини ошкор этмайди. Жиноий гуруҳ аъзолари ўз исмини «сир» сақлайди ва бир-бирига лақаб қўйиб олади.

Бир эмас, учта оғир жиноят содир этиб, жазо муддатини ўтаётган бир шахс вилоят ИИБга Самарқанд шаҳрида содир этилган қотиллик жиноятини кимлар содир этганини биламан, деб хат ёзади. Аввалига ишонмадик, чунки ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ шерикларини сотган жиноятчилар жуда кам учрайди. Ҳужжатлар билан танишсам, у ўзининг қилган жиноятлари учун қамалган бўлиб, шериклари бўлмаганди. Шундай бўлса ҳам, хатга жавобан, қирққа яқин савол билан хат йўлладим. Тез орада ҳамма саволларга жавоб келди. Саволларнинг бирида жиноят оламидаги Гаррик, Махно ва Шурикнинг асл исм-шарифини сўрагандим. Жавоб келгач, уларнинг қаерда яшаши ва кимлиги маълум бўлди. Жазо муддатини ўтаётган шахснинг ёзишича, гуруҳга Шурик лақабли йигит бош­чилик қилган ва майда-чуйда ўғрилик билан шуғулланиб юраркан.

Маҳкумнинг ёзишича, бу учлик билан бирга талончилик, ўғрилик ва номусга тегиш жиноятларини содир этишда иштирок қилган. Ички ишлар органлари ходимлари йигитни қўлга олишади. Шериклари эса қўлга тушган йигитга ҳаммасини бўйнингга олавер, сени ўзимиз қутқариб оламиз, деб ишонтирган. Кўп йиллар ҳамтовоқ бўлган йигит ҳамма айбни ўз бўйнига олган. Бир неча оғир жиноятни содир этган шахс сифатида узоқ муддатга қамалган. Бироқ ваъдасини унутган шериклари ундан хабар олмаган. Уларга хат ёзган, учрашувга келишларини илтимос қилган, аммо жавоб бўлмаган. Бу унга алам қилган ва бир мен жазо муддатини ўтайманми, улар ҳам жабрини тортсин, деб вилоят ИИБга хат ёзган.

Махно билан Гаррикни топиш қийин бўлмади. Аммо Шурик қидирув ҳақида билиб қолгач, яширинди. Уни гоҳ у вилоятда, гоҳ бу вилоятда учратишгани ҳақида хабарлар келарди. Охири Қозоғистонга ўтиб кетди, деган маълумот олдик. У пайтлар чегара бўлмагани учун осонгина овлоқ жойдан ўтиб кетган бўлиши мумкин эди. Қидирув ва суриштирувни вақтинча тўхтатишга қарор қилдик. Кейин яқинларининг бундан хабар топишига эришдик.

Ўз ойларидан бирида Шурикнинг яқинларидан бири туғилган кунини нишонлайдиган бўлди. Бу зиёфатдан Шурикнинг хабари бўлган, албатта. Қидирув ва суриштирув тўхтаганини билгандан кейин зиёфатга келишга ҳаракат қилиши аниқ. Яна бир ишонч­ли кишидан унинг келишини билдик. Зиёфатга кириб ўтирганида қўлга олиш ноқулай, умид билан ёзилган дастурхон устида кўнгилсиз иш бўлишини истамай, унинг қайси йўлдан келиши мумкинлигини тахмин қилиб, пистирма қўйдик.

Ниҳоят Шурик кўринди. У пайтлар автомашиналар кам бўлгани учун катта йўл бўйлаб машинада келиб, бу ёғига пиёда кела бошлади. Мен «Жигули» машинасида ортидан бордим ва:

– Биродар, шу маҳаллада юбилей бўлаётган экан, қайси хонадон эканлигини кўрсатиб юбора олмайсизми? – дея сўрадим.

Шурик бир чўчиб тушди ва ҳадиксираб:

– Мен ҳам юбилейга кетяпман, – деди.

– Йўлимиз бир экан, чиқинг машинага, бирга борамиз, – дедим.

У аввал атрофга қаради, кейин истар-истамас, омонатгина ўтирди. Машина ичидаги ходим:

– Бемалол ўтираверинг, бир отамлашиб келамиз, – деди кулиб.

Сал юрганимиздан кейин яна бир ходим йўлдан чиқди ва у ҳам тезда машинага ўтирди. Икки ходим ўртасида қолган Шурик нима қиларини билмай, тушмоқчи бўлиб ҳаракат қилганди мен унга:

– Шурик, саргузашт тугади, ҳибсдасан, – дедим ва машинани туман ИИБга ҳайдадим...

Тожиддин ОДИЛОВ,

истеъфодаги подполковник.

Самарқанд вилояти.

Манба: postda.uz

Киритилди: 13:12 09.01.2020. Ўқилди: 3260 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!