Бугун 3 май, 2024 йил, жума

O'ZB

Самарқандда Ўзбекистон — Жанубий Корея халқаро тиббиёт форуми ўтказилади

Самарқандда Ўзбекистон — Жанубий Корея халқаро тиббиёт форуми ўтказилади

Соғлиқни сақлаш вазирлигида Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг билан учрашув бўлиб ўтди.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов таъкидлаганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 16-18 декабрь кунлари Корея Республикасига ташрифи доирасида икки мамлакат раҳбарлари ҳузурида Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳукуматлараро битим имзолангани соҳа ривожида муҳим босқич бўлмоқда.

Эндиликда ушбу ҳужжатга мувофиқ тиббиёт йўналишдаги ўзаро муносабатлар янада юқори босқичга кўтарилаётгани эътирофга лойиқ жиҳат.

Юртимизда Корея Республикаси иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик фонди (EDCF) иштирокида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт маркази, Бухорода фаолият олиб бораётган Ҳимчан клиникаси икки томонлама ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир.

Қувонарлиси, эндиликда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш учун ҳар икки томонда имконият ва салоҳият етарли.

Мулоқотда Жанубий Кореянинг Эксинбанки билан биргаликда пойтахтимизда катталар учун мўлжалланган лойиҳа қиймати қарийб 150 миллион АҚШ долларилик кўп тармоқли клиника, 150 миллион долларлик замонавий онкология шифохонаси ва Корея университетлари иштирокида тиббиёт олий ўқув юрти бунёд этиш лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама этилди.

Элчи жаноблари ҳар уч муассасанинг яхлит комплекс ўлароқ бир манзилда, яъни Болалар миллий тиббиёт маркази ёнида бунёд этилишини қўллаб-қувватлаб, бу, илм-фан ва амалиёт интеграциясини таъминлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудларида жойлашган соғлиқни сақлаш муассасаларини Жанубий Корея маблағлари ҳисобидан 88,8 миллион АҚШ долларилик сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз ва технологиялар билан таъминлаш лойиҳаси кўриб чиқилди.

Маълумки, Жанубий Корея — тиббиёт соҳасида дунёнинг пешқадам давлатларидан бири. Бу, аввало, мамлакатда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида йўлга қўйилган инновацион ўқув методикалари ва илғор таълим дастурлари билан боғлиқ.

Шундан келиб чиқиб, томонлар юртимизда қўшма тиббий таълим дастурлари асосида мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш, ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, биотехнология лабораторияларини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга қаратилган таклифларни муҳокама қилди.

Якунда жорий йилнинг август ойида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон — Жанубий Корея тиббиёт форумини ўтказиш юзасидан келишувга эришилди.

Киритилди: 13:05 25.04.2023. Ўқилди: 1527 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!