Жорий йилнинг 19 август куни Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги “Кечкелдик” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.Ф.нинг ҳаётида, таъбир жоиз бўлса, унутилмас воқеа юз берди.
Хуллас, шу куни у соат 23:00ларда туман ҳокимлиги биноси олдидаги кўчада пиёда кетаётган вақтида олдига “ВАЗ-2106” русумли автомашина келиб тўхтайди. Машинадан уч киши тушиб, ўзларини туман Ички ишлар бўлимидан эканликларини айтишади. Улардан бири қизил рангли гувоҳномани кўрсатиб, Н.Ф.га ўзлари билан ИИБга боришни талаб қилади.
Нима бўлаётганини англаб улгурмасданоқ “орган ходимлари” уни автомашинага мажбуран ўтирғизишади. Тунги вақтда карантин қоидаларини бузиб, нима мақсадда кўчада юрганлигини сўрашади. Унга нисбатан маъмурий баённома тузиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жаримага тортишларини айтишади. Шунда Н.Ф. қўйиб юборишларини сўраб, уларга “Пул керак бўлса, ёнимда борини бераман”, дейди. Бу гапдан кейин улар уяли телефонига ҳамма гап-сўзлар ёзиб олинганини рўкач қилиб, “Сен бизга пора бермоқчимисан? Манна, энди ушбу гапинг учун ўзингни “пора бериш” жинояти билан жиноий жавобгарликка тортамиз” деб қўрқитишади.
Ниҳоят, “орган ходимлари” фуқарони туман ИИБ биноси яқинигача автомашинада олиб бориб, жавобгарликка тортмаслик эвазига унинг ёнидаги 462 минг сўм пулини олишади. Кейин шу ерда уни ташлаб кетишади.
Н.Ф. автомашинадан тушгандан кейингина мулоҳаза қилиб кўради. “Улар ички ишлар бўлимидан бўлмаса-чи”, деб ўйлаб қолади. Орадан бир неча кун ўтиб, 23 август куни туман ИИБга мазкур ҳолат юзасидан мурожаат қилади.
Мурожаат асосида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу товламачилик жиноятини содир қилган қонунбузарлар тезда фош этилиб, қўлга олинди. Улар шу туманда яшовчи 1997 йилда туғилган Д. ва Т., 2002 йилда туғилган Ш. экан. Улардан қизил рангли, ташқи қисмида гербли тамғаси бўлган гувоҳнома, “Нonor” русумли уяли телефон аппарати ва 240 минг сўм пул ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди.
Айни пайтда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.