Бугун Самарқанд шаҳрида ёмғир ёғиши натижасида Фидойилар маҳалласида жойлашган 52-уй сувга тўлган. Қутқарувчилар бу вазиятда олти болани уйдан олиб чиққан.
Бирлик кўчаси 1-тор кўча 5-уйда яшовчи фуқаронинг айтишича, уй ертўласини сув босган.
Маҳмуд Кошғарий кўчасида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли, Рудакий кўчасида “Дамас” русумли автомашиналар йўл яхши кўринмагани туфайли ариққа тушиб кетган. Қутқарув отрядининг махсус машиналари ёрдамида ушбу автомобиллар ариқдан чиқариб олинган.
Кўчаларни сув босгани ва аҳоли ҳамда транспортларнинг ҳаракатланиши учун ноқулайлик туғдиргани кузатилди. Жумладан, Ўзбекистон, Спитаменшоҳ, Нарпай, Фирдавсий, Мирзо Улуғбек, Маҳмуд Кошғарий кўчаларида ариқлар тошиб, автомобиль йўлларини сув босган.
Шаҳардаги тошқин туфайли қурбон бўлганлар аниқланмади.