Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Самарқандда қизамиқ эпидемияси тарқалгани ҳақидаги хабар ростмиди?

Самарқандда қизамиқ эпидемияси тарқалгани ҳақидаги хабар ростмиди?

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри ва айрим туманларида қизамиқ эпидемияси тарқалгани ва туман шифохоналарининг юқумли касалликлар бўлимида жой етишмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Хусусан, Ургут туманида қизамиқ эпидемияси ёйилгани, тумандаги юқумли касалликлар шифохонасида қизамиққа чалинган болаларнинг кўпайганлиги таъкидланиб, жой йўқлиги¸беморлар билан тўлиб кетганлиги билдирилган. Гўёки карантин деб шифохона ичкарисига одамлар қўйилмаётгани ҳам ёзилган.

Мазкур ҳолат юзасидан «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.

Маълум бўлишича, 2019 йил Ургут туманида 522 нафар фуқаро ўзида тошма синдроми гумон қилиб шифохонага мурожаат қилган. Уларнинг бор йўғи 4 нафарида қизамиқ касаллиги ташхиси қўйилган.

– Ўтган йил давомида режа асосида 13070 доза эмдори олинган ва болалар тўлиқ эмланган. Шунингдек, 11790 нафар бола қайта эмланган, - дейди Ургут туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Дилшод Тоғаев. – Бундан ташқари эпидимологик ҳолатлардан келиб чиқиб Ғўс, Вағашли, Навоий, Қоратепа, Меҳнатобод маҳаллалари ва Ургут шаҳридаги 2500 нафар болалар ҳам эмланган.

Журналистик суриштирув давомида Ургут туман тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар бўлимида ҳам бўлдик. 2017 йилда қурилган мазкур бўлим 80 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда 45 нафар турли касалликлар билан келган беморлар даволанаётганлиги ва айни пайтда 35 та бўш ўрин борлиги аниқланди.

– 2020 йилда Ургут туманининг юқумли касалликлар бўлимига жами 6 нафар фуқаро тошма синдроми билан, қизамиққа гумон қилиниб, шифохонага ётқизилди, – дейди Ургут туман тиббиёт бирлашмасининг юқумли касалликлар бўлими мудири Қобил Файзиев. – Аммо, ўтказилган текширувлардан сўнг уларнинг 3 нафаридаги тошма қизамиқ касаллиги эмаслиги аниқланиб, уларнинг аҳволи яхшилангач уйларига жавоб берилди. Айни вақтда бўлимимизда яна уч нафар тошма синдроми билан ётқизилган беморларимиз бор бўлса-да, уларда ҳам касаллик айнан қизамиқ эканлиги тасдиқлангани йўқ. Айни кунда улар керакли тиббий текширувлардан ўтказилмоқда.

Туманнинг юқумли касалликлар бўлимидаги вазиятни ўрганиш мақсадида даволанаётган беморлар билан суҳбатлашдик. Бемор Зуҳра Облоқулова иситмаси юқорилиги сабабли уч кун аввал мазкур бўлимга мурожаат қилганида, ҳеч қандай карантин ҳолати бўлмаганлиги ҳамда даволаниш учун жой борлигини таъкидлади.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати вилоятининг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам қизамиқ эпидемияси тарқалмаганлиги, ижтимоий тармоқларда хабарлар асоссиз эканлигини билдирди.

– 2019 йил январдан 5 августгача бўлган муддатда Самарқанд вилоятида 419 та ҳолатда қизамиққа гумон қилинган бўлиб, улардан 29 нафарида касаллик тасдиқланган. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг хулосасига кўра, мамлакатимизга қизамиқ вируси бошқа давлатлардан кириб келган. 2018 йилда республика бўйича қўшимча профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар натижасида 22 310 нафар киши қизамиқ касаллигига қарши эмланди.

Самарқанд вилоятида касаллик келиб чиқишининг асосий сабаби ҳам қизамиққа қарши эмланмаган чет эллик фуқаролар бўлмоқда, - дейилади  Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида. - Қизамиқ касаллигининг профилактикаси ва эпидемияга қарши кураш тадбирлари изчил давом эттирилмоқда. Ушбу жараёнга давлатимиз томонидан қаратилаётган алоҳида эътибор, йиллар давомида тўпланган тажриба ва  аниқ таҳлиллар мазкур касалликни энг паст кўрсаткичда ушлаб туриш ҳамда  уни тўлиқ бартараф этиш имконини бермоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЖССТ томонидан ушбу тизимли тадбирларнинг бажарилиши қатъий назоратга олинган.

Киритилди: 08:30 12.01.2020. Ўқилди: 1608 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!