Бугун 13 август, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Самарқандда икки нафар ёлланма аскар уй қамоғига ҳукм қилинди

Самарқандда икки нафар ёлланма аскар уй қамоғига ҳукм қилинди

Жорий йил 4 август куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди Россия қуролли кучлари сафида Украинага қарши жангларда қатнашган икки ўзбекистонликка нисбатан суд ҳукмини ўқиди.

Суд терговларида маълум бўлишича, судланувчилардан бири – 1999 йилда Иштихон туманида туғилган М.Қ. 2021 йил 15 ноябрь куни ишлаш мақсадида Россияга боради. Бироқ у гиёҳвандлик воситалари қонунга хилоф муомаласи билан шуғулланганликда айбланиб, 10 йилга қамалиб қолади.

2024 йилнинг октябрь ойида эса Москва шаҳрида жазо ўтаб келиши вақтида, РФ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтаб келаётган жазодан озод этилиши, Россия фуқаролигини олиши ва 1,8 млн рубл миқдоридаги пул маблағи эвазига Россия ва Украина ўртасидаги жанговор ҳаракатларда Россия давлати томонидан иштирок этишга қарор қилади.

Шу тариқа 2024 йил 8 октябрь куни РФ Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисм билан ёлланма ҳарбий хизматни ўташ тўғрисида шартнома тузиб, 2024 йилнинг октябрь ойидан 2025 йил 6 январь кунига қадар жанговор ҳаракатларда иштирок этади. Жорий йилнинг 6 январида эса граната портлашидан оғир тан жароҳати олиб, 2025 йилнинг 6 апрель кунига қадар Донецк шаҳридаги ҳарбий госпиталда бўлиб келиб, 2025 йил 11 апрель куни Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонасига Ўзбекистонга қайтишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилади ва 24 апрель куни Самарқандга етиб келади.

М.Қ. нинг терговда маълум қилишича, у қамоқхонада пайти турли босимлар остида урушга боришга мажбур бўлган. 2024 йилнинг 25 декабрида, яъни ҳарбий тайёргарликдан сўнг уларни жанговор транспортларда Украинага қарашли Торецк шаҳрига олиб боришган. Ушбу шаҳардаги юришларининг бирида жорий йил 6 январь куни дронлар ҳужумига учраб граната сачратмаларидан қаттиқ жароҳатланади ва ҳарбий госпиталдаги муолажалардан сўнг Ватанга қайтади.

Суд М.Қ.ни ЖКнинг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 154-моддаси 1-қисми билан 4 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

***

Шу куннинг ўзида мазкур суд биносида яна бир иштихонлик – 1984 йилда туғилган Н.Д.нинг ёлланиб урушга кирганига доир иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, судланувчи 2023 йил 24 июль куни ишлаш мақсадида Россияга бориб, 2023 йил 21 ноябрь куни 1 йил муддатга РФ қуролли кучлари сафида ҳарбий хизматни ўташ юзасидан расмий тарзда шартнома расмийлаштиради ва урушга кетади.

У Россия-Украина урушида Россия давлати томонида ўқчи-гранатометчи ёрдамчиси сифатида 2023 йил ноябрь ойидан 2024 йил сентябрь ойига қадар Украинанинг Луганск вилоятидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этади.

Н.Д.нинг суд терговида маълум қилишича, у аслида РФ фуқаролигини олиб, Украинага қарши урушга кирган акаси С.Д.ни ортга қайтариш учун ўзи ҳам урушга ёлланган. Яъни у ўз ихтиёри билан РФ Қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ мақсадида бир йиллик шартномани имзолаган. Шундан сўнг у Украина давлатининг Луганск вилоятида, асосан фронт орти ишларида ишлаб келади. Ўша пайтларда эса у акаси С.Д. 2024 йил 24 июнь куни Луганск вилояти Терней номли жойда бўлиб ўтган жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлганлигини эшитади.

Ўзи ҳам 2024 йил 19 сентябрь куни блиндаж қуриш ишларини амалга ошираётган вақтида, Украина томонидан миномёт ва бошқа артиллерия снаряд ўқларидан қочиб ўрмонга кираётган вақтида мина-гранатадан қаттиқ жароҳатланади. У билан ишлашга келган аскарларнинг эса барчаси ҳалок бўлган.

«3 кунгача ҳеч ким қидириб келмади. Озиқ-овқат ва сув тамом бўлганидан сўнг судралиб йўлга чиқдим. Бу орада ўтаётган аскарни кўриб қолиб, ундан ёрдам беришни сўрадим. Кейин санитарлар келиб, мени госпиталга олиб кетишди. Гостипалда 2024 йил 1 ноябрь кунига қадар ётиб даволанганимдан сўнг ҳарбий тиббий комиссия вақтинча ҳарбий хизматга нолойиқ деб хулоса берди.

30 кунга таътилга чиқдим ва 2024 йил 23 ноябрь куни РФ Қуролли кучлари билан тузилган ҳарбий хизмат шартномам муддати тугади. Даволаниб чиқиб 2024 йил 16 ноябрь куни акамни мурдасини ўликлар орасидан қидириб, ҳарбий жетонидан аниқлаб топдим. Фақат суяклари қолган экан. Шундан кейин диний маросимларни қилиб, жаноза намозини ўқиб, шу жойга дафн қилдим», – дейди Н.Д.

2025 йил 22 март куни у Ўзбекистондаги яшаш манзилига қайтиб келган.

Суд Н.Д.ни ЖКнинг 154-1 -моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга нисбатан мазкур модда билан 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

Киритилди: 18:44 12.08.2025. Ўқилди: 985 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!